Дунёнинг турли мамлакатларида академик Акмал Саидов қаламига мансуб “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг тақдимотлари бўлиб ўтмоқда. Шундай тақдимотларнинг навбатдагиси 2022 йил 8 май куни Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округидаги Нижневартовск шаҳрида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, мазкур тадбир мамлакатимизнинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси, Нижневартовск шаҳри кутубхонаси ва бу ердаги ўзбек диаспораси ташаббуси асосида ўтказилган. Унда 2021 йили ўзбек, инглиз ва рус тилларида чоп этилган салмоқли китобда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган муҳташам “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти ва аҳамияти очиб берилгани хусусида сўз юритилган.
Маърузачилар эътироф этганларидек, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси тимсолида тинчликсеварлик ва инсонпарварликнинг ўзбекона фалсафаси амалда ёрқин намоён бўлган. Халқона тинчликпарвар сиёсатга бундай янгича, бунёдкорона ёндашув, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир.
Тақдимот тафсилотлари шаҳар оммавий ахборот воситаларида атрофлича ёритилган.
Маълумот учун: МДҲ Ижроия қўмитасининг расмий сайтида (cis.minsk.by) “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг рус тилидаги электрон матни жойлаштирилган. Бу, ўз навбатида, китобни онлайн тарзда мутолаа қилиш имкониятини беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.05.2022
- Кўришлар: 2746
- Чоп этиш