Жорий йилнинг 16 май куни Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинар-тренингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исаков, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Комил Абдуллаев сўзга чиқиб, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий мақсади, унинг тузилиши ва мазмуни бўйича кенг жамоатчилик ва аҳолини хабардор қилиш ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида муҳим эканлигини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир Тошкент шаҳрида 2022 йил 12-13 апрель кунлари фуқаролик жамияти вакиллари учун “Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга риоя этиши юзасидан муқобил ҳисобот тайёрлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг салоҳиятини ошириш” ҳамда 2022 йил 27 апрель куни давлат органлари ходимлари учун “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга оширишда давлат органларининг роли” мавзуларида ўтказилган семинар-тренингларни мантиқий давоми ҳисобланади.
2021 йил 7 июнда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинганидан сўнг, мазкур Конвенция қоидалари бўйича жамоатчилик ва давлат ташкилотлари вакиллари хабардорлигини ошириш бўйича тадбирлар ўтказиш анаънага айланди.
Жумладан, 2021 йилда 28 июлда вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция кучга кириши муносабати билан тантанали маросим”, 2021 йил 14 октябрда “Ўзбекистон Республикасида ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий маслаҳатлашув” юзасидан тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, 2022 йил 12-13 апрель кунлари фуқаролик жамияти вакиллари учун “Ўзбекистон Республикасининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга риоя этиши юзасидан муқобил ҳисобот тайёрлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг салоҳиятини ошириш” мавзусида ҳамда 2022 йил 27 апрель куни давлат органлари ходимлари учун “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга оширишда давлат органларининг роли” мавзусида семинар-тренинглар ўтказилди.
Шунингдек, семинар-тренинг машғулотларини Россия Федерацияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Санкт-Петербург эксперт-шифокорлар малакасини ошириш институти вакили, тиббиёт фанлари доктори Оксана Владимирова, Сиракуза университети докторанти Миржаҳон Турдиев, “Урарту” амалий психология ва социология университетининг ижтимоий иш кафедраси мудири (Ереван), БМТ халқаро эксперти Жемма Багдасарян, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси Миллий дастурлар координатори Юлия Воцлава ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исаков олиб борди.
Семинар-тренинг давомида “Фуқаролик жамияти вакилларининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини тарғиб қилишда иштирок этиш механизмлари ва халқаро тажриба”, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга оширишда хусусий секторнинг ўрни” каби мавзулар муҳокама қилинди.
Халқаро экспертлар Конвенцияни тарғиб қилиш мақсадида маҳаллий даражада нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзи ҳам тарғибот тадбирларини ўтказишни йўлга қўйиши, бунинг учун ногиронлиги бўлган шахслар жамоат ташкилотлари ўзаро ҳамкорлигини кучайтириши лозимлигини таъкидладилар.
Семинар-тренинг амалий баҳс-мунозаралар руҳида ўтди. Тадбир давомида ногиронлиги бўлган шахслар жамоат ташкилотлари вакиллари бундай тадбирларни мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказиш таклифини илгари сурдилар. Тадбир ташкилотчилари томонидан мазкур таклиф қўллаб-қувватланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.05.2022
- Кўришлар: 2725
- Чоп этиш