Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Испаниядан муносабат: Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш мамлакатни модернизация қилишда муҳим аҳамият касб этади

  МАДРИД, 26 май. /«Дунё» АА/. Испаниянинг Барселона шаҳрида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ҳамда сайёҳлик  салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Испаниянинг тегишли вазирлик ва идоралари, мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган йирик компаниялар, экспертлар ва таҳлил марказлари, шунингдек, Каталония оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этишди.

Тақдимот қатнашчиларига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий мақсад ва вазифалари, уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

  Жумладан, Испания томони мамлакатни ижтимоий-иқтисодий  ривожлантириш, саноат корхоналарини модернизация  қилиш, янги технология жиҳозлари билан таъминлаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан таништирилди. Хусусан, мамлакатимиздаги эркин индустриал-иқтисодий зоналарда яратилган шар-шароитлар, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий сармоядорлар учун тақдим этилган кенг имтиёз ва имкониятлар алоҳида қайд этилди.

Ўз навбатида, Каталония ҳукумати ва ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ривожланиб бораётганини юқори баҳолаб, ўзбек компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирдилар.

Хусусан, Евроосиё бизнес-альянси Бош директори Эдуард Гулян Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларининг муваффақиятли амалга оширилиши, шубҳасиз, янги марраларни забт этишга имкон беришини таъкидлади.

Унинг айтишича, Ўзбекистон бугунги кунда минтақадаги барқарор  ривожланаётган давлатлардан биридир. Иқтисодий ўзгаришлар ҳақида гап борар экан, ривожлaнган ички инфратузилма, юқори малакали мутахассислар, шунингдек, сармоядорлар учун ҳукумат тарафидан яратиб берилаётган имтиёзлар, бошқа мамлакатлар бозорига кириш имкониятининг мавжудлиги Ўзбекистонни янада жозибадор мамлакатга айлантирмоқда.

Барселона савдо-саноат палатаси вице-президенти Антони Фито Ўзбекистонда амалга оширилаётган жадал иқтисодий ислоҳотларни қайд этгани баробарида мамлакатимизнинг «GSP +»  мақомига эришгани Тошкент ва Мадрид ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг муҳим омили бўлаётганини қайд этди.

Барселона савдо-саноат палатаси бошқарувчи директори Ева Боррас сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодий-ижтимоий, сиёсий томондан ривожланишда юксак чўққиларни забт этганини, халқ фаровонлигини оширишда салмоқли муваффақиятларга эришганини эътироф этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш ва халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган кучли ва самарали давлатни барпо этиш йўлида собитқадамлик билан одимламоқда.

Тадбир якунида Ўзбекистон ва Каталония ишбилармон доиралари  вакиллари, вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун музокаралар ташкил этишга келишиб олинди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech