31 май куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлисида Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро М.Ҳасанованинг Фуқаролик кодекси 197 ва 206-моддалари ҳамда Уй-жой кодекси 11 ва 27-моддалари нормалари, унинг фикрича, конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётгани, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмаслиги ва судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган деб ҳисоблаб, уларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикояти муҳокама қилинди.
Конституциявий суд мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Отабек Норбоев иштирок этиб, кўрилаётган масалага доир ўз нуқтаи назарини баён этди.
Марказ вакили мурожаатда кўтарилган масала жуда жиддий ва долзарб муаммолардан бири ҳисобланиши, бундан бир неча йиллар олдин фуқароларимизнинг уй-жой ва бошқа турдаги кўчмас мулклари жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан бузиб ташланиб, етказилган моддий зарар, компенсация пуллари тўлаб берилмасдан, бузилган кўчмас мулклар ўрнига тенг миқдордаги мулк билан таъминланмасдан қолганлиги, бундан айрим фуқароларнинг ҳақли норозиликлари келиб чиққанини қайд этди.
Шунингдек, у бу борада Миллий марказ томонидан 2020-2021 йиллар давомида мазкур масалани ҳал қилиш ваколатига эга масъул идораларга тегишли таклиф ва тавсиялар киритилганлиги тўғрисида алоҳида тўхталди. Айни масала юзасидан Конституциявий суднинг тегишли қарори қабул қилиниши мақсадга мувофиқлиги юзасидан фикр билдирди.
Суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий суд ва Бош прокуратура вакиллари ҳам кўрилган масала юзасидан ўз фикр ва мулохазаларини билдирдилар.
Конституциявий суд мазкур ишни мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принциплари асосида кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати
- Қўшилди: 31.05.2022
- Кўришлар: 3419
- Чоп этиш