3 июнь куни Тошкентда уч кун давом этган "Озодликдан маҳрум қилиш жойларида гендер зўравонликнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш" мавзусидаги тренинг якунланди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг "Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш" қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилган тренингда мамлакатимиз пенитенциар муассасалари ходимлари иштирок этди.
Машғулотлар давомида Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, бу борадаги халқаро стандартлар, “жинсий зўравонлик” тушунчаси, озодликдан маҳрум қилиш жойларида зўравонликнинг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Турли ташкилот ва муассасалар вакилларининг айни соҳада ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш имкониятлари таҳлил этилди.
Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 03.06.2022
- Кўришлар: 3607
- Чоп этиш