Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Учинчи Глобал парламент маърузаси тақдимотида иштирок этди

ТОШКЕНТ, 4 июнь. /«Дунё»АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Парламентлараро Иттифоқ ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ҳамда Парламентаризмни ривожлантириш «Agora» ҳамжамияти иштирокида ташкил этилган тадбирда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Парламент қуйи палатаси маълумотига кўра, Учинчи Глобал парламент маърузаси тақдим этилди.

Онлайн форматдаги мазкур тадбирда Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби М.Чунгонг, БМТ Тараққиёт дастури раҳбари А Штайнер, 26 мамлакат парламентлари ҳамда бошқа парламент тузилмалари вакиллари қатнашди.

Парламент ишида жамоатчилик иштироки, жамоатчиликни жалб қилиш тенденциялари масалалари, шунингдек, маърузанинг хулоса ва тавсиялари кўриб чиқилди. Парламентлар учун жамоатчилик билан муносабатларни кенгайтиш борасида тавсия ҳамда ғоялар тақдим этилди.

Тадбир доирасида тўртта мавзуий сессия бўлиб ўтди. Жамоатчиликни жалб қилишдаги муҳим тенденциялар шарҳлаб берилди. Қатнашчилар «Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик» дастурида узлуксиз ҳамда инклюзив иштирок этишнинг жиҳатларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, парламентларнинг жамоатчилик билан муносабатларга киришдаги салоҳиятини ошириш юзасидан онлайн ўқув ўтказилди. Ёшларни парламент ишида фаоллик кўрсатишга рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Анжуман давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов жамоатчиликни парламент фаолиятига жалб қилиш борасидаги миллий тажриба хусусида сўз юритди. Шу жумладан, бунда анъанавий ҳамда ахборот технологияларидан унумли фойдаланишнинг самарали усуллари ҳақида тўхталиб ўтди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech