Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим: Ўзбекистон ва Туркия тажрибаси

ТОШКЕНТ, 7 июнь. /«Дунё» АА/. Бугун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим: Ўзбекистон ва Туркия тажрибаси»  мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Икки мамлакат ўртасида инсон ҳуқуқлари таълими соҳасида ўзаро тажриба алмашишга бағишланган ушбу тадбир Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Муҳаррем Қилич бошчилигидаги Туркия делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти раиси Муҳаррем Қилич давра суҳбати иштирокчиларини қутладилар.

 Анжуманда Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти Кенгаши аъзоси Харун Мертоглу «Париж принциплари доирасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар», Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев, Бош прокуратура Академияси бошлиғининг ўринбосари Музаффар Мамасиддиқов, Тошкент давлат юридик университети доценти Гавҳар Йўлдошева маъруза билан иштирок этдилар. Уларда инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик ва институтлар фаолияти ҳақида сўз юритилди.

Маърузачилар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим миллий дастури ишлаб чиқилаётгани, прокуратура ва олий таълим тизимларида инсон ҳуқуқлари таълими соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталдилар.

 Давра суҳбати якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази билан Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ўртасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенлик институти раиси Муҳаррем Қилич агентлик мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этди.

- Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти делегацияси Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турганидан мамнунмиз, - деди у. - Ташриф доирасида ўтказилган анжуман Туркия ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ушбу йўналишдаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича тажриба алмашиш имкониятини тақдим этди. Шунингдек,  Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази ва Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенлик институти ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Ушбу битим Mиллий марказ ва институт ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ривожлантириш борасида қўшма ҳамкорлик тадбирларини ўтказишни назарда тутади.

  Кези келганда қайд этиш жоизки, икки давлат Призедентлaрининг сиёсий иродаси туфайли барча соҳаларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Ушбу йўналишдаги биргаликдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида идоралараро «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдик. Меморандумда  белгиланган вазифаларни  ҳаётга тадбиқ этиш ишларини тез кунларда бошлаб юборишни режалаштиряпмиз. Бугунги тадбир ҳам ўзаро келишувимиз доирасида бўлиб ўтмоқда. Бундан ташқари, биз октябрь ойида қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган халқаро форумда иштирок этиш учун таклиф олдик. Ва биз мазкур халқаро форумда иштирок этишимизни тасдиқладик. Ўз навбатида, Туркия Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти томонидан 29-30 июнь кунлари Анкарада ўтказиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро саммитда Ўзбекистон томонини таклиф этдик. Биз инсон ҳуқуқлари институти сифатида камситилиш ва гендер тенглик бўйича мурожаатларни қабул қиламиз ва ушбу икки масала бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.

 Мен бутун дунёдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилот, институт ва марказлар фаолиятини диққат билан  кузатиб бораман. Айтишим мумкинки, улар орасида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Миллий марказининг фаолияти алоҳида эътирофга лойиқдир.  Марказ миллий ва халқаро форумларда доимо фаол иштирок этиб келади ва Ўзбекистон номидан долзарб ташаббусларни илгари суради. Бу орқали Ўзбекистон бутун дунёда инсон ҳуқуқларини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.

Юртингизда аҳоли, хусусан, ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.  Биз бу жараённи  ҳам яқиндан кузатиб бораётирмиз. Яна бир жиҳат:   Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган академик Акмал Саидов раҳбарлигида жуда катта соҳа дарғалари бор. Ўзбекистон вакилларининг инсон ҳуқуқлари ва тенглик принципларини таъминлаш бўйича фаолиятини чуқур ўрганиб,  институтимиз  иш жараёнида тадбиқ этиш ниятларимиз ҳам йўқ эмас.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech