“КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ИНСТИТУТЛАРИ: ТАКЛИФ ВА ТАВСИЯЛАР” МАВЗУСИДАГИ ДАВРА СУҲБАТ

Жорий йилнинг 8 июнь куни Тошкент шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан “Конституциявий ислоҳотлар ва фуқаролик жамияти институтлари: таклиф ва тавсиялар” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирнинг мақсади – Олий Мажлис палаталари кенгашлари томонидан ташкил этилган Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзоларининг фуқаролик жамияти институтлари, академик ҳамжамият, таҳлилий марказлар вакиллари билан “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар борасидаги навбатдаги очиқ мулоқотни ташкиллаштириш, уларнинг аниқ таклиф ва тавсияларини жамлаш.

Зеро, “Халқ – қонун ижодкори” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш Конституциявий комиссия фаолиятининг бош меъзонларидан биридир.

Таъкидландики, бугунги кунда умумхалқ орзуси, истаги, мақсадини рўёбга чиқаришга йўналтирилган конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ғояси том маънода халқимизнинг барча табақалари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Конституцияни такомиллаштириш бўйича кенг жамоатчилик томонидан Конституциявий комиссияга ҳар соатда келиб тушаётган кўплаб амалий таклифлар ҳам бундан далолат беради.

Конституциявий комиссияга келиб тушаётган таклифларни шаффоф ўрганиш билан бир қаторда улар мана шундай очиқ мулоқотларда кенг муҳокама қилинмоқда.

Конституциявий комиссия таркибида барча ҳудудлардан депутатлар, сенаторлар, жамиятнинг турли қатламлари, жумладан фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар ҳамда бошқа экспертлар фаол ишламоқдалар.

Шу жумладан, мамлакатимиздаги фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари Конституцияда “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва аҳамиятини ошириш, фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш борасида ўз таклиф ва тавсиялари билан чиқишмоқда. Хусусан, ислоҳотлар жараёнида инсон қадри, ҳуқуқлари ва қонуний эзгу-манфаатларини таъминлаш, “инсон – жамият – давлат” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, миллатлараро тотувликни ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш, оила институтини ривожлантириш, ногиронлар, ёшлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва экологияга оид масалаларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасидаги таклифлар илгари сурилмоқда.

Таъкидландики, бугунги кунда фуқаролик жамиятига энг муҳим конституциявий-ҳуқуқий категория сифатида қараш лозим. Фуқаролик жамияти ғоясининг конституциявий даражада тан олинишининг ўзи кўп жиҳатдан рамзий маънога эга. Фуқаролик жамиятининг ўрни тобора ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, давлатнинг асосий Қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ.

Тадбир иштирокчиларининг фикрича, фуқаролик жамияти концепциясининг конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланиши “фуқаролик жамияти”нинг мақомини янада оширади. Айни дамда “фуқаролик жамияти”  – конституциявий давлатнинг ажралмас атрибути (унинг мақсади) ҳисобланган ижтимоий жамиятнинг идеал стандарти эканлигини таъкидлаш муҳим. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фундаментал асари ҳисобланган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидаги “Халқ қабулхоналари”га конституциявий мақом бериш, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, шунингдек, халқ манфаатларига хизмат қилувчи “Халқчил давлат” миллий дастурларини тасдиқлаш каби ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш – устувор вазифалар эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Кенг жамоатчилик ва бутун халқимиз билан ҳамнафас равишда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан конституциявий ислоҳотларга оид таклиф ва мулоҳазаларининг муҳокама этилиши ҳамда аниқ таклифларни кўриб чиқилиши муҳим аҳамиятга эга.

Бевосита тадбир жараёнида ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ННТлар вакилларининг фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва аҳамиятини ошириш ҳамда ижтимоий йўналишдаги таклифлари тингланди.

Билдирилган ҳар бир таклиф тадбир иштирокчилари томонидан муҳокама этилди, уларнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликка мослаштириш масалалари батафсил кўриб чиқилди.

Ҳуқуқшунослар, олимлар, тажрибали ННТ вакиллари муҳокамасидан ўтган таклифлар умумлаштирилиб, Конституциявий комиссияга тақдим этилди.

Барқарор ривожланиш маркази ННТ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech