ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ СОҲАСИДА ТАЪЛИМ: ЎЗБЕКИСТОН ВА ТУРКИЯ ТАЖРИБАСИ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида инсон ҳуқуқлари таълими соҳасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг тегишли илм-фан муассасалари вакиллари билан бир қаторда Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти олимлари ҳам иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини яратмасдан туриб ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш мушкул. Шу боис, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар жараёнида бу масалага устувор эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган. Бу ҳужжатлар орқали зиммага олинган мажбуриятлар изчил бажарилмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида нафақат миллий лойиҳаларни амалга ошириш, балки инсониятнинг келгуси тараққиётига хизмат қиладиган муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурмоқда. Жумладан, жорий йилда мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” глобал форуми ўтказилиши режалаштирилган. Унда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришнинг долзарб муам­молари ва вазифалари муҳокама қилиниши кўзда тутилмоқда. Кечаги давра суҳбати бу тадбирга тайёргарлик доирасида амалга оширилаётган муҳим лойиҳалардан биридир.

Тадбирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий инс­титутлар, тегишли таълим ва илм-фан муассасалари томонидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ тегишли давлат ва нодавлат ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида билим ва малакасини юксалтириш, бу йўналишдаги илмий изланишлар кўламини кенгайтириш борасида изчил иш олиб бормоқда. Марказда Марказий Осиё­да ягона ихтисослаштирилган инсон ҳуқуқлари бўйича оммавий кутубхона фаолият юритади. Мазкур кутубхона инсон ҳуқуқларига доир ўзбек ва хорижий тилларда нашр этилган бой китоб фондига эга.

Тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Рес­публикаси Миллий маркази ва Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

— Сўнгги йилларда давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди, — деди Туркия­нинг Инсон ҳуқуқлари ва тенг­лик инс­титути раиси Муҳаррам ­Қилич. — Юртингизга ташрифдан мақсадимиз давлатларимиз ўртасидаги ана шундай муносабатлар ривожига муносиб улуш қўшишдир. Ташрифимиз қизғин мулоқотларга бой бўлди. Инсон ҳуқуқлари таълими соҳасида миллий ва жаҳон тажрибаси бўйича ҳар томонлама фикр алмашдик, ўзаро англашув меморандуми имзоладик. Ушбу йўналишдаги илмий-­амалий алоқаларимиз нафақат миллий, глобал аҳамиятга молик муҳим масалаларга оқилона ечим топишда ҳам ўз самарасини беради, дея ишонч билан айта оламиз.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Рес­публикаси Бош прокуратураси академияси ва Тошкент давлат юридик университети, Туркиянинг Инсон ҳуқуқлари ва тенглик институтининг инсон ҳуқуқлари таълими йўналишидаги фаолиятига оид маърузалар тингланди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим миллий дастурини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикрлашилди.

Баҳор ХИДИРОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech