Жорий йил 20 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумга кўра, миллий ва жаҳон илм-фани, маданияти ва таълимининг ривожланиши, ҳамда ягона ахборот маконини яратиш ва қўллаб-қувватлаш йўлида кутубхоналар салоҳиятидан ўзаро ҳамкорликда фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, илм-фан ва таълимни юксалтириш доирасида семинарлар, тақдимотлар ташкил қилиш мўлжалланмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази “Инсон ҳуқуқлари уйи” етакчи мутахассиси Малика Толипованинг айтишича, Меморандум ижроси доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасига оид миллий ва халқаро нашрлар ҳамда янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари билан алмашиш, илм-фан, таълим ва маданиятда ахборот-кутубхона амалиётининг барча жараёнларини мақбуллаштириш бўйича ахборот-кутубхона соҳаси мутахассислари биргаликда самарали ишлаши учун замин яратилади.
Шу билан бирга, илмий лойиҳаларни ҳамкорликда бажариш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш белгиланган.
Тадбир доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр этилган инсон ҳуқуқларига оид янги адабиётлар Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.06.2022
- Кўришлар: 4480
- Чоп этиш