Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашнинг ҳуқуқий асослари борми?

Ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият деб тан олинар экан, конституцияларида энг муҳим қоидалар сифатида белгиланади. Бу соҳада халқаро ҳужжатларда умумэътироф этилган тамойил ва стандартлар мавжуд.

Хусусан, 1948 йили қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси, 1966 йили қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги, Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ва уларни муайян ҳолатларда чеклаш бўйича ҳам қоидалар акс эттирилган.

Ушбу қоидалар қонунийлик, мақсадга мувофиқлик ва зарурият тамойилларидан келиб чиқиб қўлланади. Хусусан, қонунийлик тамойили инсоннинг ҳуқуқлари ва эркинликларини фақат қонуний асосда чеклаш мумкинлигини билдирса, мақсадга мувофиқлик тамойили бўйича чеклашда халқнинг розилигини ифодалайди. Давлатнинг шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига аралашуви зарурият тамойили асосида амалга оширилади. Бунда шахсга етказиладиган зарар ўрнини қоплаш масаласи диққат-марказида бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан кафолатланиши ва ҳимоя қилиниши белгиланган бўлса ҳам, Асосий қонуннинг ўзи ҳамда қонунчилик ҳужжатларида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклашга оид қоидалар мавжуд.

Бу нима учун керак ва қандай тарзда амалга оширилади?

Биринчидан, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларига зарар етказмаслик учун чекловлар ўрнатиш. Масалан, қарздорга нисбатан суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларига асосан ижро иши юритиш жараёнида ушбу органлар томонидан белгиланган чекловлар. Хусусан, Ўзбекистон Республикасидан чиқишига вақтинча чеклов жорий қилиниши ёки давлат ижрочи томонидан қарздорнинг ҳисоб-варағида сақланаётган пул маблағларини хатланиши унинг ўз ҳисоб-варағидан фойдалана олмаслиги шулар жумласидандир.

Иккинчидан, шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ёки жинойи қилмиши учун жазо сифатида белгилаш. Бу чеклашлар суд қарори ёҳуд ҳукми асосида амалга оширилади. Хусусан, шахсни маъмурий қамоққа олиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш (чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади), муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш (масалан, автотранспорт воситасини ҳайдаш ҳуқуқидан ёки маълум соҳада (лавозимда) ишлашдан вақтинча маҳрум қилиш чеклаш), озодликдан чеклаш ёки маҳрум қилиш билан боғлиқ жазолар шулар жумласидандир.

Учинчидан, давлат хавфсизлиги ва жамоат тартиботини сақлаш мақсадида қўлланиладиган чекловлар. Хусусан, пандемия эълон қилинган даврда карантин жорий этилиши муносабати билан шахсларнинг эркин ҳаракатланишининг чекланиши ёки фавқулодда вазият жорий қилинган ҳудудларда маълум вақт доирасида айрим ҳаракатларнинг чекланиши шулар жумласидандир.

Муҳокама жараёнида бўлган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият сифатида тан олиниши, доирасининг кенг қилиб белгиланиши конституциявий қоидаларнинг тўғридан-тўғри ишлаши, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини тўлиқ бажарилишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамият ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид бўлмаслигини таъминлаш учун Асосий қонунимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлиги фақат қонун билан чекланишини белгилаш мақсадга мувофиқ.

 

Сахипжамал ДЖОЛДАСОВА,
юридик фанлар доктори

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech