Одам савдосига қарши кураш: Ўзбекистон ва Озарбайжон тажрибаси

2022 йил 28 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Озарбайжон делегацияси аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда одам савдосига қарши кураш мавзусида сўз борди.

Мулоқотда Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Одам савдосига қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи Самир Гараев, мазкур Бош бошқарманинг Махсус топшириқлар бўйича катта тезкор ходими Элшад Маммадли, Озарбайжон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ижтимоий хизматлар агентлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари Сара Ағаева, Озарбайжон Давлат миграция хизмати Ҳуқуқий таъминлаш бошқармаси бошлиғи Низами Гулиев, “TAMAS” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамраислари Кубра Алакбарова ва Судаба Маммадова, “Тоза дунё” ННТ раҳбари Меҳрибан Зейналова, “Озарбайжон болалари” ННТ раҳбари Камала Ағаева, “Аёллар ташаббуси ва ижтимоий муаммолар ечимига кўмаклашиш” ННТ ҳамраиси Гунел Алакбарова иштирок этди.

Тадбирни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев очар экан, айни соҳада мамлакатимизда амалга оширилаётган ибратли ишлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.

Меҳмонлар Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасида яратилган шароитлар билан танишиш ва ўзаро тажриба алмашишга қулай имконият яратилгани учун миннатдорчилик билдирдилар.

Учрашувда бугунги кунда одам савдосига қарши курашиш ва бундай нохуш воқеаларнинг олдини олиш глобал аҳамият касб этаётгани қайд этилди. Бу борада давлатлараро  миқёсда ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш лозимлигига эътибор қаратилди.

Одам савдосига қарши кураш масаласининг халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчилик нормаларида қонуний тартибга солиниши ҳолати таҳлил этилди. Ушбу йўналишда  Ўзбекистон  ва Озарбайжон тажрибаси шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали воситалари ишлаб чиқилгани билан алоҳида аҳамиятли экани таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech