Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институт билан хамкорликда “Конституциявий ислохотлар шароитида ювенал юстиция институтини мустаҳкамлаш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда депутатлар, сенаторлар, халқаро ва миллий экспертлар, Олий суд, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги академиялари, Судялар олий мактаби, Адвокатлар палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари қатнашди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, давра суҳбатининг долзарблиги ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, бугунги кунда ювенал юстиция вояга етмаганларга нисбатан юритилаётган одил судловнинг умумеътироф этилган халқаро стандарти ҳисобланиши, миллий қонунчилигимизда унинг ҳуқуқий ҳамда институтсионал асослари мавжудлиги, ўз навбатида, ҳозирда юртимизда қизғин кечаётган конституциявий ислоҳотлар шароитида ушбу институтнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш масаласи муҳим ўрин эгаллашига урғу берди.
Тадбирда ювенал юстиция тизимида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг роли, Ўзбекистонда ювенал юстициянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш истиқболлари, конституциявий ислоҳотлар шароитида ювенал юстиция институтини мустаҳкамлаш зарурати, хорижий тажриба ва халқаро стандартлар каби масалаларга доир маърузалар тингланди.
Таъкидланганидек, бугун Президентимиз бошчилигида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунончи, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир, шу жумладан, Бош қомус, Оила, Фуқаролик, Меҳнат, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар, “Бола ҳуқуқдарининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳуқуқий асослар мунтазам такомиллаштириб борилмоқда.
Шунингдек, айни конституциявий ислоҳотлар даврида Бош қомусимизга бола ҳуқуқларига доир 10 та асосий ўзгартиш ва қўшимча киритилмоқда. Амалдаги Конституциянинг 2 та моддасида атиги 4 маротаба “бола” сўзи ишлатилган бўлса, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар туфайли 7 моддада 15 маротаба “бола” сўзи қўлланилмоқда.
Тадбирда қайд этилганидек, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 4 та мақсад болалар ҳимояси масалаларига қаратилган. Хусусан, “Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш” деб номланган 14-мақсадда “Ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда бола ҳуқуқдари қонунчилигини кодификатсиялаш” вазифаси белгиланган.
Эътиборли жиҳати, ювенал юстиция кўплаб халқаро ҳужжатларда бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги асосий институт сифатида кўрсатиб ўтилган. Халқаро стандартлар ва хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ювенал юстисиянинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш истиқболларини аниқлаш, шу жумладан, унинг консептуал ва базавий асосларини Конституцияда мустаҳкамлаш — бу борадаги миллий амалиётнинг ривожланишига замин яратади.
Бунинг учун эса Ўзбекистонда ювенал юстиция бўйича миллий қонунчилигимизни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини илмий-назарий жиҳатдан чуқур ўрганиш, ривожланган демократик мамлакатларда самарали қўлланилаётган ювенал юстиция моделларини таҳлил қилиб, уларнинг маъқул томонларини аниқлаш, миллий қонунчилигимизга имплементатсия қилиш бўйича тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.
Давра суҳбати якунида муҳокамаларда билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, Конституциявий комиссияга юбориш хусусида келишиб олинди ҳамда мазкур соҳани ривожлантиришга оид тадбирларни амалга оширишда парламент, давлат органлари, ноодавлат ташкилотлар ва илмий ҳамжамият ҳамкорлигини кенг йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида хулосага келинди.
«Халқ сўзи».
- Қўшилди: 01.08.2022
- Кўришлар: 6020
- Чоп этиш