ТЕРГОВ ҲИБСХОНАСИГА ҲУҚУҚИЙ НАШРЛАР БЕҒАРАЗ ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 1-сон тергов ҳибсхонасига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан нашр этилган юздан ортиқ ҳуқуқий адабиётлар ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг сўнгги сонлари беғараз тақдим этилди.

Жорий йилнинг 9 август куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги ЖИЭД биринчи минтақавий ҳудуд 1-сон тергов ҳибсхонасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари Ҳамидулла Мўминов ва Лазизбек Холиқулов, шунингдек тергов ҳибсхонаси раҳбарияти вакиллари ва ходимлари иштирок этди.

Тадбирда тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар ўзларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун яратилган шарт-шароитлар, уларни тўғри йўлга бошлаш мақсадида амалга оширилаётган маънавий-маърифий чора-тадбирлар ҳақида фикр алмашилди.

Шундан сўнг, Миллий марказ ходимлари ҳибсхона масъулларига ўзлари билан олиб келган 100 дан ортиқ ҳуқуқий адабиётлар ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг сўнгги сонлари жамланмасини топширди ҳамда муассасадаги кутубхоналар фаолияти билан яқиндан танишди.

“Ҳозирда тергов ҳибсхонасида 2 та кутубхона ташкил этилган, – деди тергов ҳибсхонаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Фахриддин Нажимов. – Катта кутубхонамизда 4000 га яқин сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, илмий ва бадиий китоблар мавжуд. Кутубхонада тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар мутолаа билан машғул бўлишлари учун барча шароитлар яратилган. Шунингдек, муассаса ходимлари, яъни шахсий таркиб учун ҳам алоҳида кутубхона ташкил қилинган бўлиб, унинг фонди 800 дан ортиқ китоблар билан тўлдирилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан беғараз тақдим этилган нашрлар кутубхоналаримизни янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун самимий миннатдорлик билдираман”.

Китоб – зиё қуёши дейишади. Бу каби тадбирлар эса юртимизнинг барча муассасалари зиё нурлари билан янада мунаввар бўлишига ҳисса қўшади.

 

Ҳамидулло МЎМИНОВ,

Ахборот кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” бош мутахассиси

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech