2022 йил 8 сентябрь куни пойтахтимизда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ўз ишини бошлади. ЎзА хабар беришича, Тошкент саммитида БМТ, Парламентлараро иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-спикерлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 17 давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу нуфузли анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Президентимиз Парламентлараро иттифоқнинг кўп форматли майдони халқаро кун тартибидаги кўплаб долзарб масалаларга самарали ечим топишга хизмат қилишига ишонч билдирди ҳамда саммитнинг барча иштирокчиларига самарали фаолият ва муваффақиятлар тилади.
Давлатимиз раҳбарининг ўз мурожаатида таъкидлаганидек, "Бундай форматдаги учрашув Ўзбекистон Республикасида илк бор ўтказилмоқда. Буни мамлакатимизда, жумладан, парламентаризм ва гендер сиёсатни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар натижаларининг халқаро ҳамжамият томонидан эътирофи деб биламиз".
Парламентлараро иттифоқ ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу халқаро анжуман “Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш” мавзусига бағишланган.
Саммитнинг мақсади – COVID-19 пандемияси ва у билан боғлиқ инқироз оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, барқарорлик ва фаровонликни самарали таъминлаш мақсадида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича парламентлар фаолиятининг устувор йўналишлари ва ҳаракатларини белгилашдан иборат.
Саммитда иштирок этаётган Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг твиттердаги расмий саҳифасида саммит жараёнлари ҳақида ўз фикрини қолдирди. М. Чунгонг Ўзбекистон гендер тенгликка содиқлигини кўрсатганини эътироф этди, дейилади Senat.uz сайти хабарида.
Парламентлараро иттифоқ Бош котиби мамлакатимизнинг меҳмондўстлигини алоҳида қайд этар экан, Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистоннинг минтақада ва глобал миқёсда гендер тенгликни таъминлаш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатлари муҳим натижалар беришига ишонишини маълум қилган.
Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ўз ишини давом эттирмоқда.
Ойдин ИБРОҲИМОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати ходими
Суратлар муаллифи: ЎзА
- Қўшилди: 08.09.2022
- Кўришлар: 5017
- Чоп этиш