Конституциявий комиссияга Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Германия ва бошқа давлатлардан ватандошлар юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди.
10 сентябрь куни конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб “Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси ҳамда уни такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, умумхалқ муҳокамаси давомида 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди. Бу умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш ҳақидаги қарор мақсадга мувофиқ бўлганини исботлади.
Фуқаролардан келиб тушаётган таклифлар орасида солиққа тортиш адолат принципларига мос бўлиши, меҳнат ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши, давлат органлари фаолияти очиқ бўлиши ва уларга коррупцияга қарши курашиш мажбуриятини юклаш, ёшлар масаласи давлат сиёсати энг устувор вазифаларидан бири бўлиши, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятига аралашмаслик, одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши ва бошқа шу каби келиб тушган таклифлар долзарб аҳамият касб этмоқда. Эътирозларга сабаб бўлган айрим нормалар лойиҳадан чиқариб ташланди.
Жараёнга хориждаги ўзбекистонликлар ҳам бефарқ бўлишмади. Россия, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Германия ва бошқа давлатлардан ватандошлар юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди.
Йиғилишда конституциявий қонун лойиҳаси шу кунга қадар 8 та миллий экспертизадан ўтказилгани, шунингдек, Тошкентда БМТ, ЮНИСЕФ (БМТ Болалар фонди), ЕХҲТ (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) каби ташкилотлар вакиллари билан 3 та халқаро жамоатчилик маслаҳатлашуви ташкил этилгани таъкидланди.
Йиғилишда конституциявий қонун лойиҳаси давлат тилидаги матни таҳририни тайёрлаш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Лойиҳада адабий тил қоидалари ва нормалари талабларига ҳамда юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга риоя қилинган.
Билдирилишича, қонун лойиҳаси матни тайёр бўлиши билан у депутатлар муҳокамасига киритилади. Депутатлар фикрлари эътиборга олинган ҳолда кейинчалик тайёр бўладиган конституциявий қонун лойиҳаси референдумга қўйилади.
- Қўшилди: 12.09.2022
- Кўришлар: 4901
- Чоп этиш