Янги Ўзбекистон – хорижликлар эътирофида

ШҲТ САММИТИ ВА УНИНГ ДОИРАСИДАГИ ТАДБИРЛАР ХАЛҚАРО ЭКСПЕРТЛАР ҲАМЖАМИЯТИ ВА ХОРИЖИЙ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ НИГОҲИДА

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали концептуал мақоласи хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари ва чет эл оммавий ахборот воситалари томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Хусусан, ушбу муҳим мавзуни қамраб олган мақола “The Korea Times” газетаси (Жанубий Корея), “Рўз Ал-Юсуф” газетаси ва “Diplomacy” журнали (Миср), “Оroszhirek.hu” ва “hirado.hu” электрон нашрлари (Венгрия), “Kurier” ва “Orf.at” (Австрия), “cas.sk” ахборот портали (Словакия) ва кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари саҳифаларида эълон қилинди.

Жанубий Кореянинг етакчи нашрларидан бири “The Korea Times” газетаси мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг замонавий дунёдаги аҳамияти, ташкилот кўзлаган мақсадлар ва истиқболлар ҳақидаги қарашлари, фикр ва баҳолари ўзининг яққол  ифодасини топганини қайд этган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари мақоласи Миср оммавий ахборот воситаларида ҳам катта қизиқиш уйғотиб, мамлакатнинг 15 дан ортиқ оммабоп газета ва онлайн нашрларида эълон қилинди.

Мақола “ШҲТ оиласи” давлатлари, Осиё, Америка, Европа ва Африка мамлакатларида араб, инглиз, француз, итальян, немис, рус, хитой, венгер ва бошқа тилларда чоп этилди.

Юқоридагилар билан бирга, давлатимиз раҳбарининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитига бағишланган дастурий аҳамиятга эга ушбу мақоласи хорижий давлатларнинг сиёсий,  илмий-академик ва ишбилармон доиралари ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Маҳмуд ул-ҲАСАН ХОН,

Жанубий Осиё ва халқаро тадқиқотлар маркази ижрочи директори (Покистон):

— 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самар- қанд шаҳрида ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг 2022 йилги саммити бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон 2001 йил 15 июнь куни ташкил этилган ШҲТнинг таъсисчиларидан бири бўлиб, унинг тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда.

2017-2021 йиллар даврида  Ўзбекистон Президенти сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт логистикаси, инновация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган 45 та муҳим ташаббус билан чиқди. Ушбу таклифлар ШҲТ саммитлари кун тартибига киритилди. Улардан 22 таси тўлиқ амалга оширилган, 23 таси рўёбга чиқарилиш жараёнида.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташаббуси билан Тошкeнтда ШҲТнинг Минтақавий аксилтeррор тузилмаси ташкил этилгани таҳсинга сазовордир.

Ўзбекистон ШҲТга амалдаги раислиги даврида 80 га яқин муҳим тадбир ўтказишга муваффақ бўлди. Бир йил ичида ШҲТнинг 37 та ҳужжатини уйғунлаштириш жараёнини бошлаб бeрди, мувофиқлаштирди ва якунлади. Бундан ташқари, ушбу ҳужжатларнинг 30 таси Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, Президент Шавкат  Мирзиёeв ШҲТнинг концeптуал, умумқамровли ва стратeгик аҳамиятини янада ошириш ҳамда интeграциялаш бўйича яxлит, тўлиқ сиёсатни қабул қилди. Шу тариқа ШҲТда ўзаро ҳамкорлик соҳаларининг институционал кeнгайиши янада такомиллаштирилди, тизимлаштирилди ва мустаҳкамланди.

Ўзбекистон раислигида Транспорт алоқалари стратeгияси, Ҳудудлараро савдони ривожлантириш рeжаси, Инфратузилмани ривожлантириш дастури янги инновацион ғоялар ва ҳужжатлари тақдим этилди, “ ШҲТнинг яxши ният элчиси” институти ташкил қилинди. Шунингдeк, Иқтисодиёт форуми, ШҲТ саноат инновациялари ҳафталиги, Ҳудудлар раҳбарлари форуми, Саноат коопeрацияси форуми, “Қуёшли Ўзбекистон” мeва-сабзавот маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди ва булар ШҲТнинг самарадорлигини янада кенгайтирди.

ШҲТ давлатларининг умумий аҳолиси дeярли 3,5 миллиард кишини, дунё аҳлининг тахминан ярмини ташкил қилади. Аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат киломeтрдан ошади, бу Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғидир. Дeмак, ШҲТ кeлгусида ижтимоий-иқтисодий фаровонлик ва минтақавий алоқаларни кeнгайтириш калитига эга, бунда Ўзбекистон боғловчи марказ бўлиб муҳим роль ўйнамоқда.

Маҳди ЗАБАЛ,

Миср — Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси:

— ШҲТнинг Самарқанд саммити арафасида Ўзбекистон раҳбари томонидан бутун дунё жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилинган ушбу мақолада кенг қамровли ва ҳар жиҳатдан долзарб масалалар юзасидан муҳим фикр-мулоҳазалар тақдим этилган. Унда, хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг блок эмаслиги, аксинча, бошқа ишончли ҳамроҳлар билан шериклик олиб боришга тайёр халқаро бирлашма экани алоҳида қайд этилган. Дарҳақиқат, ушбу омиллар туфайли мазкур тузилманинг нуфузи тобора юксалиб бормоқда: қатор араб давлатлари, жумладан, Миср, Қатар, Саудия Арабистони, Баҳрайн, БАА ҳамда Араб давлатлари уюшмаси ШҲТга катта қизиқиш билдирмоқда.

Самарқанддаги тадбир, Президент Шавкат Мирзиёев  таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг дўстлик ва очиқликка асосланган проактив ташқи сиёсатининг мантиқий давоми бўлишига ишонаман.

Ўзбекистон қисқа вақт ичида бутун Марказий Осиё давлатлари ўртасида мустаҳкам ишонч ўрнатиш, Афғонистонда барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар орқали Жанубий Осиё билан тарихий ришталарни тиклашга эришаётган бўлса, ўз раислиги даврида дунё аҳолисининг деярли ярмини бирлаштириб турувчи ташкилот нуфузи ошишига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Мазкур мақола ҳам Ўзбекистон раҳбарининг ушбу эзгу мақсад йўлидаги интилишларини ўзида яққол акс эттирган.

Канада парламенти Жамоалар палатасидаги Канада — Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раиси, Альберт провинциясидан Канада парламенти аъзоси Зиёд Абуолтаиф ШҲТнинг йирик минтақавий ташкилот сифатида шаклланишида Ўзбекистоннинг ролини алоҳида таъкидлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА агентлиги мамлакатимиз элчихонаси маълумотларига таянган ҳолда.

Зиёд АБУОЛТАИФ,

Канада — Ўзбекистон дўстлик гуруҳи раиси:

— ШҲТнинг йирик халқаро тузилма сифатида шаклланишида Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислиги муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мамлакатнинг минтақавий хавфсизлик, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва ижтимоий муаммоларни илгари суриш сингари масалаларда ташаббускорлик нуқтаи назаридан етакчилик ўрни ҳаммага яхши маълум.

ШҲТнинг бу ва бошқа масалалар юзасидан йўналиши белгиланишида Ўзбекистоннинг таъсири ташкилотга аъзо давлатлар томонидан ижобий баҳосини олди. ШҲТ раҳбарлари уч йил ичида биринчи маротаба юзма-юз учрашмоқда. Ишончим комилки, Самарқандда самарали муҳокамалар бўлиб ўтади ва улар Ўзбекистонга, минтақага ҳамда дунёга наф келтиради.

 

“Дунё” АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech