Европа Иттифоқининг “Inter Pares” лойиҳаси раҳбари билан учрашув

2022 йил 6 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов Европа Иттифоқининг “Inter Pares” лойиҳаси раҳбари Ж. Мерфи билан учрашди.

 

Мулоқотда Ўзбекистон билан Европа парламенти ҳамда Европа Иттифоқига аъзо ва ҳамкор мамлакатлар миллий парламентларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган “Inter Pares” лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

 

Жумладан, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, мазкур лойиҳа доирасида мамлакатимиз конституциясини Европа Иттифоқига аъзо ва ҳамкор мамлакатлар миллий парламентларига таништириш, қонун ижодкорлиги соҳасида икки ва кўп томонлама ўзаро ахборот алмашинувини фаоллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалаларини кенг ёритиш, мамлакатимизда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хорижий тилларга юридик таржима қилиш ҳамда Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг конституциясини ўзбек тилига таржима қилиш ва уни оммалаштириш каби йўналишлар лойиҳа компоненти сифатида амалга оширилиши ҳақида сўз юритилди.

 

Ўз навбатида, Ж. Мерфи Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон нафақат минтақада, балки жаҳон майдонида сезиларли даражада юксалаётганлигини мамнуният билан эътироф этиб, ушбу лойиҳа доирасидаги ҳамкорлик мамлакатимиз парламентининг Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар парламентлари билан ўзаро алоқаларини янада фаоллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

 

Конструктив руҳда ўтган учрашувда парламентлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга келишиб олдилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech