Ҳар қандай давлат ва жамият ўз эртасини, тараққиётини бир олам орзулар билан катта ҳаётга кириб келаётган навқирон авлод тимсолида кўради. Бу эзгу мақсадларнинг рўёбга чиқиши эса, сўзсиз, оиладаги таълим-тарбияга бевосита боғлиқ.
Шу маънода оилада фарзандларнинг илк тарбиячиси, мураббийи сифатида аёлларнинг илмли, интеллектуал салоҳиятли, кенг дунёқарашга эга бўлиши мамлакат келажагини таъминловчи асосий мезонлар сирасига киради. Ахир донишмандлар аёл гўзал, оқила бўлиши муҳим, лекин билимли бўлиши шарт, дея бекорга урғу бермаганлар.
Қизларнинг имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига биноан, 11 октябрь – “Халқаро қизлар куни” деб эълон қилинган. Ушбу сана 2012 йилдан бери ҳар йили жаҳон бўйлаб турли давлатларда қизларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида нишонланиб келинади.
Бу муаммоларга мажбурий никоҳ, қизларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишларини таъминлаш каби ҳолатлар киради. БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг турли тузилмаларига ушбу кунни кенг миқёсда нишонлаш, бутун дунёда қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш тавсия этилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тўлақонли таълим олишлари, ўзлари қизиққан касб-ҳунарга эга бўлишлари, қобилиятларини рўёбга чиқаришлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида қизларнинг соғлом ўсишларини таъминлаш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш борасида изчил чоралар кўрилмоқда.
Таълим соҳасида ҳам қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Жорий йилда улар учун олий ўқув юртларида махсус қўшимча қабул квоталари жорий этилди.
Билимга интилган ёшларнинг, шу жумладан:
- янги ўқув йилидан бошлаб магистратура талабаси бўлган хотин-қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан тўлаб берилади;
- ҳар йили 50 нафар қиз нуфузли хорижий олийгоҳларнинг бакалавр ва 10 нафари магистратура таҳсилига юборилади;
- ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, отаси ёки онасини йўқотган 150 нафар қизнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади;
- ёш фарзанди бор талаба аёлларга масофавий ўқишга шароит яратилади;
- докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.
Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун илк марта 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинди.
“Оқила аёллар” ҳаракати ҳам жамиятда янги маънавий макон яратишда хотин-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар маънавиятини юксалтиришда жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган обрў-эътиборли ва катта ҳаётий тажрибага эга фаол ва ташаббускор аёлларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун хизмат қилмоқда.
Қизларни эрта турмуш билан боғлиқ муаммолардан асраш мақсадида никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун тенг – 18 ёш деб белгиланган.
Статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 32 минг 783 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 60 нафар хотин-қизга ўзини ўзи банд қилган ҳолда тикувчилик фаолияти билан шуғулланиб, тадбиркорлик қилиш имконияти яратилди. “Ёшлар дафтари” жамғармаси ушбу хотин-қизларнинг ҳар бирига субцидия асосида сўнги русумдаги тикув машиналари олиб берилди.
Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларга кўмак бериш ишларида “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ва банклардаги масъул хотин-қизларнинг ҳиссаси муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилгани ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширди. Мазкур фонд кўмагида бизнесини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратиш, бир ҳафталик ўқув курсларида ўқитиш, бизнес режалари ишлаб чиқиш механизми йўлга қўйилди.
Мавжуд шарт-шароитлардан ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш қизларнинг ўзларига ҳам боғлиқ эканлиги алоҳида таъкидлаш лозим. Яъни, ёшларни интилувчан ва ташаббускор бўлишга, доимо ўз устида ишлаб, илм олишга, янги касбларни эгаллашга кенг шароитлар яратилган эканми, қизларимиз бундан самарали фойдаланишлари керак.
Дилноза Раҳимова,
Инсон хуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази иқтисодчиси
- Қўшилди: 10.10.2022
- Кўришлар: 5927
- Чоп этиш