Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Халқаро экспертлар: Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти эътиборини энг долзарб муаммоларга қаратмоқда

 

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК)нинг олтинчи саммитида давлатимиз раҳбари томонидан минтақа хавфсизлиги, ёш авлодни радикализмдан асраш, транспорт-логистика, рақамлаштириш, инновация, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология ва иқлим ўзгаришига оид қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Президентимиз билдирган таклифлар кенг жамоатчилик, хорижий ва маҳаллий экспертлар томонидан эътироф этилиб, қизғин муҳокама қилинмоқда.

Хосе Луис БАРСЕЛО, «El Mundo Financiero» интернет-нашри бош муҳаррири (Испания):

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон муваққат ҳукумати билан мулоқот қилиш учун юқори даражадаги халқаро музокара гуруҳини тузиш ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясига мурожаат қилиш бўйича даъвати бугунги кунда дунёда кечаётган воқеалар асносида долзарб заруратдир.

Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазиятга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш учун ҳар бир халқаро платформадан самарали фойдаланаётганини эътироф этиш зарур. Бу долзарб масала дунёда содир бўлаётган сўнгги воқеалар шароитида «парда ортида» қолмоқда. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон муваққат ҳукумати билан ҳамкорликда умумий ва келишилган ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлиги хусксидаги фикрини тўла қўллаб-қувватлайман.

Ўзбекистон етакчисининг навқирон авлодни радикализмдан асраш, ёшларнинг куч-ғайрати ва иштиёқини бунёдкорликка йўналтириш бўйича тизимли ҳамкорлик йўлга қўйишга чақириғи алоҳида эътиборга лойиқ. Таъкидлашни истардимки, радикализм кучайиши хавфли тенденция. Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёевнинг айни ташаббуси жуда долзарб, деб ҳисоблайман.

Биз Ўзбекистон Президентининг мазкур (Остона – таҳририят) саммитлардаги маърузаларига бағишланган батафсил таҳлилий мақола тайёрлаяпмиз. Ушбу таҳлилий материал яқин кунларда «El Mundo Financiero» интернет-нашри орқали ўқувчилар эътиборига тақдим этилади.

Тазин АЗТАР, «Pakistan in the world» газетаси бош муҳаррири:

– Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида ОҲИЧК саммитида иштирок этган барча давлат раҳбарлари эътиборини можаролар, қашшоқлик, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бошқа муаммоларни бартараф этиш бўйича олти устувор йўналишга қаратди. Амалий «йўл харитаси»ни таклиф қилди.

Ўзбекистон раҳбари доимо минтақаларни ҳар томонлама ривожлантириш ва ободонлаштиришнинг фаол тарафдори бўлиб келган. Остона саммитида ҳам халқаро кўламда ҳал қилиниши зарур бўлган муҳим масалаларни ўртага ташлади. Бугунги кунда мулоқот ва ишончнинг камлиги, халқаро муносабатлардаги мавҳумлик кучайиб бораётгани умумий фаровонлик учун зарур бўлган халқлар ўртасидаги ришталар, минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон мунтазам равишда минтақаларда тинчлик, ўзаро ҳамкорликни тарғиб қилиб келади. Бир ой муқаддам мамлакат Президенти Самарқандда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларини қабул қилиб, хавфсизлик ва фаровонлик борасидаги умумий манфаатлар муҳокамасига алоҳида урғу берган эди.

Маҳмуд ул-Ҳасан ХОН, Жанубий Осиё ва халқаро тадқиқотлар маркази ижрочи директори:

– Ўзбекистон раҳбари ОҲИЧБнинг Осиёда хавфсизлик, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш масалалари бўйича кенг ҳамда очиқ мулоқот учун стратегик аҳамиятини яна бир бор таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ОҲИЧК эришган ютуқларни қайд этиб, мазкур форматни янада мустаҳкамлаш бўйича сермазмун таклифларни илгари сурди.

Давлат раҳбари ўз нутқида халқаро муносабатларда ишончли кўп томонлама ҳамкорлик, низоларни ҳал этиш, дипломатия, мулоқот ва ривожланиш муҳимлигини, ҳозирги геосиёсий воқелик бутун Осиё минтақаси барқарорлиги учун хавфли эканини таъкидлади. Бу Президентнинг минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш орқали минтақавий ва трансминтақавий ижтимоий-иқтисодий интеграцияга эришиш билан боғлиқ стратегик қарашларини яққол акс эттирмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президентининг Афғонистонда барқарорлик ва тинчлик ўрнатиш орқали умумий хавфсизлик, тараққиёт ва фаровонликни таъминлаш таклифини олқишлаймиз. Унинг турли ёшдаги кишилар ўртасида бир-бирини тушунишни яхшилаш, ёшларнинг энг долзарб муаммолари ечимини биргаликда излашга қаратилган «Авлодлар мулоқоти»ни шакллантириш таклифи жуда долзарб.

Илгар Вализода, Жанубий Кавказ сиёсатшунослар клуби раҳбари (Озарбайжон):

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг ОҲИЧК саммитидаги нутқи Ўзбекистон раҳбариятининг Осиёда ва бутун дунёда тинчлик, барқарорликни  мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсий курси изчиллигига яна бир далил. Давлат раҳбарининг «Авлодлар мулоқоти»ни ўрнатиш ташаббуси Тошкентнинг узлуксизликка асосланган узоқ муддатли халқаро муносабатлар тизимини барпо этиш кайфиятини мукаммал акс эттиради.

Маълумки, Ўзбекистонда ёшларга оид сиёсатни амалга ошириш, ёшларнинг асосий муаммоларини ҳал этиш, биринчи навбатда, уларнинг бандлигини таъминлаш,  билим ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Ижтимоий омиллар таъсирида ёшлар ўртасида радикализм кучайиб бораётган бир пайтда, бузғунчи ташкилотлар фаоллашуви билан юзма-юз келаётган ОҲИЧКга аъзо қатор давлатларда бу ижобий тажриба ўз самарасини беради.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон раҳбари таклиф қилган барқарор ривожланишга эришиш ва ақлли иқтисодиётни рағбатлантириш чора-тадбирлари, ҳақиқатан, олдинга ташланган қадам. Биргаликда озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, минтақалараро савдони рағбатлантириш, иқтисодиёт ва жамиятларни янада интеграциялашуви бўйича ҳамкорлик ҳозирги замонда жуда долзарб.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech