Шу йилнинг 11 — 15 октябр кунлари Руанда Республикасининг пойтахти Кигали шахрида Парламентлараро Иттифоқ, (ПИ) Ассамблеясининг 145-сессияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси қатнашди. Ассамблеяда 110 та давлатдан мингдан ортиқ миллий парламент аъзолари, 45 нафар парламент Спикери иштирок этди.
“Тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ҳаракатланувчи куч сифатида гендер тенглиги ва гендер масалаларини инобатга оладиган парламентларнинг ролини янада ошириш” мавзуида ўтказилган Ассамблея ялпи мажлисида А. Саидов нутқ сўзлади.
У ўз нутқида гендер тенглигига эришиш бўйича Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибаси тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Жумладан, гендер масаласи Ўзбекистонда давлатнинг устувор сиёсат йўналиши ҳисобланиши, гендер сиёсатининг қонунчилик ва институтсионал асосларини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, янги Ўзбекистонда гендерга йўналтирилган қонунчиликни ривожлантириш, хотин-қизларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, маданий ва ишбилармонлик ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар санаб ўтилди.
Шу билан бирга, ПИнинг Демократия ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н. Тилаволдиев мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинаётган қонунлар тўғрисида, жумладан, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили институти, Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларга риоя этиши бўйича парламент комиссияси тузилгани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинганини қайд этди.
Маҳкумлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоялаш мақсадида Нелсон Мандела қоидалари қонунчилигимизга имплементатсия қилинаётгани юзасидан маълумот берди.
Тадбирда, шунингдек, кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда ўзгартиш киритилаётган Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасида ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, гендер масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди.
Якунда Ассамблеяда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Парламентлараро Иттифоқнинг тегишли резолюсиялари ва Кигали Декларацияси қабул қилинди. Шунингдек, ПИга кузатувчи мақомини олиш учун тақдим этилган аризаларни кўриб чиқиш, ПИнинг минтақавий офисларини очиш, ПИ ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
2022 йилнинг бошида ПИ мақсадларини ҳимоя қилиш ва илгари суришда, шунингдек, янада бирлашган, адолатли, хавфсиз, барқарор дунёни яратишга ҳисса қўшаётган парламентарийларни эътироф этиш мақсадида “Cremer-Passy” мукофоти жорий қилинган эди. Ассамблея доирасида мексикалик Синтия Лопез Кастро хоним ҳамда Украина Олий Радасининг раиси ва барча депутатлари илк мукофотнинг совриндорлари, деб топилди.
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг 145-сессияси доирасида Ўзбекистон делегациясининг Руанда Республикаси Қонунчилик палатаси спикери Доналит Мукабалиса, Сербия парламенти спикери Владимир Орлич, ПИ президенти Дуарте Пачеко, ПИ Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашувлари бўлиб ўтди.
«Халқ сўзи»
- Қўшилди: 18.10.2022
- Кўришлар: 5150
- Чоп этиш