Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига жисмоний шахслар ҳамда юридик шахсларнинг вакилларидан турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушади. Мурожаатларнинг аксарият қисми суд-ҳуқуқ масалаларига боғлиқ.
Айни вақтда фуқаролардан ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари тикланиши ва рўёбга чиқарилиши билан боғлиқ масалаларда ҳам анчагина мурожаатлар бўлиб туради. Бу тоифадаги мурожаатларда кўтарилган масалаларни кўриб чиқиш, қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан чора кўриш масаласида прокуратура органлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Тошкент вилояти, Бекобод шаҳрида яшовчи фуқаро Р.Яфаровнинг электр энергияси таъминоти учун олдиндан тўлови мавжуд бўлса-да, шаҳар электр тармоқлари корхонаси айрим ходимларининг ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарашлари, лавозим йўриқномасида белгилаб қўйилган вазифаларга амал қилмасликлари оқибатида хонадони электр тармоғидан ноқонуний узиб қўйилган.
Фуқаронинг бу ҳақидаги мурожаати Миллий марказда ўрганиб чиқилди. “Прокуратура тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.12.2018 йил 10 декабрдаги қарори талабларидан келиб чиқиб, Тошкент вилоят прокуратурасига қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига олиб келадиган ҳолатларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш тўғрисида тавсия киритилди.
Вилоят прокуратураси олиб борган прокурорлик назорати натижасига кўра фуқаро Р.Яфаровнинг ҳуқуқлари тикланди. Ўз хизмат вазифаларига лоқайдлик билан қараган Бекобод шаҳар электр тармоқлари корхонаси масъул ходими интизомий жавобгарликка тортилди.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
"Ҳуқуқ" газетаси
- Қўшилди: 21.10.2022
- Кўришлар: 5266
- Чоп этиш