Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони

Сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенглик, хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш масаласида жуда катта ўзгаришлар юз беряпти. Мазкур йўналишдаги ишлар “Ҳеч бир аёл давлат ва жамият эътиборидан четда қолмайди” деган қатъий тамойил асосида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий эркинликлари ҳаётидаги роли ва фаоллигини янада ошириш, эҳтиёжманд хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишнинг самарали усул ва воситаларидан кенг фойдаланиш, уларнинг бандлигини тўла-тўкис таъминлаш имконини оширадиган махсус тизим яратиш, хотин-қизлар билан боғлиқ муаммоларни ечишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш борасида ишларни тизимли тарзда олиб бориш зарурлигига алоҳида эътибор қаратиб, “Биз мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча опа-сингилларимиз, қизларимиз, онахон ва момоларимизга муносиб шароит яратиб бериш учун ҳамма имкониятларни ишга солишимиз лозим”, деб таъкидлаган.

 

Айнан ана шундай тизимли ҳамкорликнинг натижалари юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан жорий йилнинг 21 октябрь куни ўтказилган эшитувида ахборот берилди.

 

Қўмита эшитувидан мақсад – 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси устувор вазифаларини амалиётга тадбиқ қилишда аёлларимизга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатишни юксак босқичга олиб чиқиш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари фаолияти юзасидан парламент назоратини ўрнатишдир.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов тадбирни очиб, дунёда хотин-қизлар сиёсатини олиб бориш йўлида “Ўзбекистон тажрибаси”нинг ўзига хослиги, Янги Ўзбекистонда “гендер сезувчан парламент”и шаклланишининг Руанда пойтахти Кигали шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 145- ассамблеясида ҳам эътироф этилганлигига алоҳида тўхталди.

 

Эшитув иштирокчилари томонидан, сўнгги йилларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганлигига эътибор қаратилди.

 

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд. сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди. Бу билан Ўзбекистонда гендерга йўналтирилган бюджет шаклланди.

 

Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 50 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари, Гендер тенгликка эришиш стратегиясида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида қатор тадбирларни амалга ошириш зарурлиги ҳамда мутасадди ташкилотларнинг масъуллиги белгиланган.

 

Ички ишлар вазирлигининг ахборотида айнан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати қайд этилган оилалар, иш жойлари, жазони ижро этиш муассасалари ва бошқа объектларнинг ҳисобини юритиш, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уни содир этган ғайри ижтимоий хулқ-атворли шахсларни аниқлаш, уларга профилактик таъсир кўрсатиш ҳамда хулқ-атворини ўзгартириш тизимини ва чораларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари билдирилди.

 

Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганлиги учун 32 783 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган.Уларнинг 18 112 таси руҳий зўравонлик, 9 155 таси жисмоний зўравонлик, 340 таси иқтисодий зўравонлик, 68 таис жинсий зўравонлик ҳамда 6 225 та тазйиқ ҳолатлари аниқланганлиги сабабли расмийлаштирилган.

 

Тадбирда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда ҳали жиддий эътибор қаратиладиган муаммолар мавжудлиги, ҳимоя ордери муддатларини узайтириш ҳамда унинг чекловларини бузган шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтиришнинг ҳуқуқий асосларини қайта кўриб чиқиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

 

Эшитувда фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини ошириш, давлатга, оиласига, жамиятга нисбатан муносабатини ўзгартириш, масъулиятни ҳис қилишга ўргатиш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш, мазкур соҳада ижтимоий ҳамкорлик механизамларидан тўлиқ фойдаланиш тўғрисида тавсиялар берилди ҳамда қўмита қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech