2022 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий суд, Бош прокуратура, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ички ишлар, Ташқи ишлар, Мудофаа, Адлия вазирликлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишда масъулларнинг Ўзбекистон Республикасида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг бажарилиши юзасидан Бешинчи даврий ҳисоботи ва Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенциянинг бажарилиши юзасидан Олтинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари бўйича Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг ҳисоботи эшитилди.
Жумладан, жорий йилнинг 31 август-1 сентябрь кунлари БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитасининг 91-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни бажарилиши юзасидан Бешинчи даврий ҳисоботи кўриб чиқилган эди. Бугунги кунда Қўмитанинг мазкур ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича якуний хулосалари тақдим қилинган.
Шунингдек, тадбир доирасида Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўн учинчи — Ўн тўртинчи даврий маърузаси ҳам кўриб чиқилди.
Маърузада Конвенция қоидаларининг моддама-модда амалга оширилиши, Ўзбекистон қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришлар, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда этник гуруҳлар вакиллари дуч келаётган масалалар, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги вазият, фуқароликни беришда тўсиқларни бартараф этиш ва шахсларнинг фуқаролигини йўқотишнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар қамраб олган.
Мазкур даврий маъруза аввалги маърузалардан кейин БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитаси томонидан билдирилган хулоса ва тавсиялардан келиб чиқиб тўпланган маълумотлар асосида тайёрланди.
Анжуман доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактнинг бажарилиши юзасидан Учинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси Парламент комиссияси аъзоларига кўриб чиқиш учун тақдим қилинди.
Жумладан, жорий йилнинг йил 22-24 февраль кунлари Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитасининг онлайн шаклдаги 71-сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий миллий маърузаси кўриб чиқилган эди.
2022 йил 31 мартда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Учинчи даврий миллий маърузаси юзасидан 65 банддан иборат 26 та йўналишлар бўйича якуний тавсиялар берилган эди.
Вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларидан БМТ нинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси тавсиялари асосида берилган қўшимча таклиф ва эътирозлар кўриб чиқилиб, лойиҳа такомиллаштирилди. Хусусан, Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси Қўмита томонидан берилган барча тавсиялар олинган бўлиб, у 34 та банддан иборат. Яқин истиқболда 4 та қонун лойиҳаси, 1 та концепция, 2 та миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқиш белгиланган.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясидаги ташаббус ва таклифларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)нинг ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Буюк Британия ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар натижасида эришилган келишувларни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар хақида масъуллар ахбороти ҳам эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти
- Қўшилди: 24.10.2022
- Кўришлар: 5239
- Чоп этиш