Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

 ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ПРАГМАТИК СИЁСАТИ ВА СИЁСИЙ ИРОДАСИ ТУФАЙЛИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ МИНТАҚАСИ СЎНГГИ ЙИЛЛАРДА ЎЗ САЛОҲИЯТИНИ СЕЗИЛАРЛИ ДАРАЖАДА ОШИРДИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20-21 октябрь кунлари Туркманистонга амалга оширган расмий ташрифи якунлари халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан қизғин муҳокама ҳилинаётгани кузатилмокда.

Хусусан, халқаро таҳлилчилар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидламоқда. Бундан ташқари, ташриф чоғида эришилган келишувлар Ўзбекистон етакчисининг минтақа давлатлари билан ўзаро манфаатли муносабатларни изчил кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича интилишларидан яққол далолат беришини эътироф этмоқда.

Зулкифли БАҲАРУДДИН,

Сингапурнинг Ўзбекистондаги элчиси:

— Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашгани Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий-сиёсий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсати ҳамда шахсий саъй-ҳаракатларининг яққол натижаси ҳисобланади. Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг навбатдаги учрашуви мамлакатлар ўртасида икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун доимий мулоқот ўтказиш долзарблигини яна бир бор тасдиқлади. Бунда Тошкентнинг асосий эътибори иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қаратилган.

Муҳокама қилинган масалалар, хусусан, Ўзбекистон — Туркманистон чегарасидаги савдо зонасини ишга тушириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, энергетика, кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида саноат лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, шунингдек, Амударёнинг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш муҳим йўналишлар ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга, бунда томонлар Шарқ — Ғарб ва Шимол — Жануб транспорт йўлакларини, жумладан, Туркманбоши бандаргоҳи имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда ривожлантиришга қарор қилди.

Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг юқорида қайд этилган устувор йўналишлари бўйича қатор вазирликлараро ва идоралараро ҳужжатларнинг имзолангани мазкур саммит муваффақиятли ўтганининг яққол тасдиғидир.

Ташриф якунлари бўйича эришилган келишувлар минтақалараро алоқаларни янада изчил ривожлантириш, мамлакатлар ўртасидаги маданий-гуманитар, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, энг муҳими, Марказий Осиё минтақасида хорижий компаниялар томонидан бизнесни ривожлантириш учун жозибадор ва иқтисодий барқарор иқлимни шакллантиришга замин яратади, деб ҳисоблайман.

Ум Гу ХО,

Ханьянг университети хузуридаги Осиё — Тинч океани тадқиқотлари маркази директори (Жанубий Корея):

— Ўзбекистон ва Туркманистоннинг кўп асрлик тарихий-маънавий ришталарга асосланган қардошлик муносабатлари кейинги йилларда икки давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган ўзаро ишончнинг юксаклиги билан ажралиб туради.

Сўнгги йилларда муваффақиятли ривожланиб бораётган Ўзбекистон — Туркманистон яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида эътибор қаратмоқчиман, бу бутун Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамкорликнинг янги муҳитини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг янги минтақавий сиёсатини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Республика раҳбари томонидан яқин қўшнилар билан алоқаларни фаоллаштириш йўлида ҳар томонлама пухта кўриб чиқилган қатъий қадамлар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро яқинлашувга мустаҳкам замин яратди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда минтақада Афғонистон билан боғлиқ янги воқелик юзага келаётган бир пайтда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги конструктив ҳамда ўзаро фойдали ҳамкорлик нафақат икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига жавоб беради, балки бир-бирини тўлдирувчи эҳтиёжлар бўйича шерикликни янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Бу улкан Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг асосий омилидир.

Саммит якунларини, хусусан, Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғининг очилиши, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида чегара савдо зонасини яратиш бўйича қўшма лойиҳанинг ишга туширилишини таҳлил қилар эканман, ташриф, ҳақиқатан ҳам, самарали кечди ҳамда Ўзбекистон — Туркманистон муносабатларини янада мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга бўлди, деб ҳисоблайман.

Месут Эмре КАРАКЎСЕ,

Стратегик тадқиқотлар маркази директори, Буюк Миллат Мажлиси (парламент) эксперти (Туркия):

— Мен ушбу ташриф жараёни ва икки давлат раҳбарларининг самарали учрашувини катта қизиқиш билан кузатдим. Туркманистон пойтахтида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича ҳам икки томонлама, ҳам халқаро майдонда яқин ҳамкорликни назарда тутувчи Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланди.

Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро ҳамда минтақавий сиёсатнинг долзарб масалаларида дунёдаги нуфузли ташкилотлар доирасида бир-бирини доимо қўллаб-қувватлаб келади. Ташриф чоғида томонлар БМТ, ЕXҲТ, МДҲ, ШҲТ, ТДТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол ҳамкорлик қилиш қатьиятини яна бир бор тасдиқлагани қувонарли ҳолдир.

Ўзбекистон Президентининг прагматик сиёсати ва сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиё кейинги йилларда ўз салоҳиятини сезиларли даражада оширди.

Музокаралар кун тартибидаги муҳим масала Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўлди. Икки давлат Президентлари ушбу мамлакатдаги вазиятни тезроқ барқарорлаштириш ва муҳим инфратузилма лойихаларини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга ҳам келишиб олдилар.

Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Туркманистон, шунингдек, бутун жаҳон ҳамжамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан қўшни Афғонистондаги вазият, албатга, тинч йўлдан боради.

Сулаймон ХИВЕЧИ,

«Ala Tejarat Mahad Qabous» компанияси директорлар кенгаши раиси, Эрон ёшлар жамиятининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбари:

 — Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, икки мамлакат халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Ташрифни кузатар эканман, унинг дастури, қолаверса, маданий-маърифий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратдим.

Бу Ўзбекистон Президентининг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунларидан бошлаб Марказий Осиё минтақасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган янги сиёсий муҳитни яратиш, барқарор тараққиётга эришиш бўйича ўзининг биринчи ва энг муҳим ташаббусига қатъий сиёсий иродаси ҳамда содиқлигидан яна бир бор далолат беради.

Тошкент ва Ашхобод ўртасидаги салмоқли ҳужжатлар тўплами, жумладан, “Хоразм — Тошҳовуз” чегара савдо зонасини яратиш бўйича қўшма лойиҳанинг ишга туширилиши қардош мамлакатлар кўп қиррали стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун мавжуд улкан салоҳиятни рўёбга чиқаришга интилаётганини кўрсатади.

Муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистон раҳбари томонидан кейинги йилларда олиб борилаётган минтақавий ташаббуслар минтақа тараққиёти, уни дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам маконига айлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Шаббир Аҳмад ХОН,

Пешовар университети минтақавий марказининг директори, профессор (Покистон):

— Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан буён ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлар бўйича ўз қарашларига мувофиқ, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштирмоқда.

Ўзбекистон етак чиси хавфсизлик ва ривожланиш масалаларини мунтазам муҳокама қилиш учун минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини муваффақиятли ўтказиш ташаббуси билан чиқди, бунинг натижасида Марказий Осиё республикалари ўзаро келишилган ва мувофиқлаштирилган ёндашув орқали минтақалараро савдо ва амалий ҳамкорликни тобора кенгайтирмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга ташрифи икки томонлама муносабатларга, минтақа доирасидаги умумий ёндашувларни илгари суришга янги суръат бағишлайди. Икки давлат раҳбарлари чегара савдоси, ҳудудлараро ҳамкорлик, транспорт, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик, сувдан фойдаланиш ва саноатни ривожлантиришни алоҳида қайд этдилар.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик икки давлат учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Алоқа тизимларининг интеграцияси учинчи мамлакатлар ва минтақалар бозорларига кириш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Туркманистон минтақа давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон минтақалараро транспорт йўлагини ишга туширганини қайд этишни истар эдим.

Мазкур ташриф икки қўшни давлат ўртасидаги илиқ қардошлик муносабатлари ривожида яна бир муҳим босқич бўлди.

Мигель Альварес де ЭУЛАТЕ,

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар фонди директори (Испания):

— Ўзбекистон раҳбари беш йилдан зиёд вақт давомида қўшни давлатлар билан ҳам яхши қўшничилик, ҳам икки томонлама ҳамкорлик, ҳам кўп қутбли шериклик муносабатларининг муҳим, стратегик масалаларини ҳал этиш учун муносиб пойдеворни яратди.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларининг сиёсий ва савдо-иқтисодий яқинлашуви ташаббускори сифатида минтақада етакчи ўринни эгаллади, шунинг учун қўшни давлатлар Ўзбекистон билан барча соҳада фаол ҳамкорликни давом эттириши зарур.

Муҳокама қилинган масалалар кўлами икки томонлама муносабатларнинг ўзига хос хусусиятини тасдиқлайди. Ўзбекистон раҳбарининг Туркманистонга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим воқеа бўлди.

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида Марказий Осиё минтақасидаги ҳар бир давлатнинг миллий манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган, сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга интилмоқда.

«Дунё» АА.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech