"ЖАҲОН КОНСТИТУЦИЯЛАРИ" КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР АРАФАСИДА ЧОП ЭТИЛГАН МУҲИМ ТЎПЛАМ

Академик А.Х.Саидов масъул муҳаррирлигида яқинда нашрдан чиққан "Жаҳон Конституциялари” тўплами ўзбек ўқувчиларига Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Иордания, Италия, Польша, Саудия Арабистони, Славакия, Франция, Чехия, Япония каби давлатларнинг давлат рамзлари, бошқарув шакли, сиёсий режими, маъмурий-ҳудудий тузилиши, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва бурчлари, давлат бошлиғи, давлат ҳокимияти, бошқарув, суд ҳокимияти органлари тизими, уларни сайлаш ва тайинлаш тартиби, уларнинг ваколатлари ва фаолиятининг асосий йўналишлари, сайлов, молия, бюджет тизими, мудофаа ва хавфсизлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ўз она тилида ўрганиш ва аниқ тасаввурга эга бўлиши учун улкан имконият яратади.

Тўпламнинг кириш қисмида фойдаланувчилар учун Конституцияларнинг ривожланиш тарихи ва жаҳон давлатларининг замонавий Конституциялари тўғрисида муҳим маълумотлар берилган. Янги Ўзбекистон: Конституциявий ислоҳот йўлида номли бўлимида Ўзбекистон Республикасида Конституцияни янада такомиллаштириш борасида олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ёритилган.

Тўпламда Конституция: тузилиши ва ривожланиши, Конституция: юридик таъриф ва функциялари, Конституциянинг устунлиги ва барқарорлиги, конституциявий назорат, Конституция бевосита амал қилувчи ҳуқуқ, Конституциянинг ҳажми ва тузилиши, Конституция ва сиёсий партиялар, Конституция ва кам сонли миллатларнинг ҳуқуқлари, Конституция ва ҳокимият ваколатларининг бўлиниши, Конституция ва депутатлар деб номланган бўлимларида муҳим аҳамиятга эга бўлган қисқа ва аниқ маълумотлар берилган. Хусусан, Конституциянинг самарадорлиги, деб номланган бўлимида Конституциянинг самарадорлигини таъминлаш борасида асослантирилган таклифлар ва тавсиялар берилган.

Шунингдек, тўпламда даватларнинг сиёсий тизими, маъмурий-ҳудудий тузилиши, ҳудуди, пойтахти, аҳлисининг сони, расмий тили ва дини ҳақида қисқача маълумотлар мавжуд. Ушбу маълумотлар тўпламга киритилган давлатлар тўғрисида янада аниқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

Тўпламда давлатлар ва уларнинг Конституцияларининг ривожланиш тарихи тўғрисида қимматли маълумотлар берилган. Ушбу маълумотлар нафақат илмий изланувчилар учун, шу билан бир қаторда амалиётчилар учун ҳам муҳим манба ҳисобланади. Тўпламдан фойдаланувчилар унда берилган манбаларни таққослаш орқали қимматли маълумотларга эга бўлишлари мумкин. Ўқувчиларга нафақат мазкур давлатларнинг амалдаги Конституцияси, шу билан бир вақтда уларнинг Конституциялари тарихи ҳақида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилган.

Хусусан, Америка Қўшма Штатларининг амалдаги Конституцияси билан бирга мазкур Конституция тарихи ҳақида ҳам қисқа, аммо муҳим маълумотлар келтирилган. Шунингдек, тўпламда Америка Қўшма Штатларининг давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ тизими, суд тизими, штатларининг суд тизимлари ҳақида ҳам муҳим маълумотлар қайд этилган. Ушбу маълумотлар нафақат олимлар, илмий жамоатчилик, изланувчилар ва амалиётчилар, шу билан бир қаторда кенг китобхонлар оммаси учун ҳам қизиқарли ва аҳамиятлидир. Яъни муаллифлар томонидан изланувчилар учун бир вақтнинг ўзида ўрганилаётган давлат, унинг тузилиши, бошқарув шакли, ҳўжалик юртувчи субъектлари ҳақида маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилган.

Шунингдек, тўплам туризм фаолияти билан шуғулланаётган субъектлар, мигрантлар, сайёҳлар,зиёратчилар, тадбиркорлар учун ҳам ўзлари бораётган давлат органлари тизими, инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва бурчларидан, қонунчилигидан ҳабардор бўлишларида муҳим ҳисобланади.

Тўпламнинг якунида жаҳондаги деярли барча давлатларнинг дастлабки Конституцияси қабул қилинган санаси ва ҳозирда амалда бўлган Конституциялари санаси жадвал асосида берилгани соҳада илмий-тадқиқотлар олиб бораётган изланувчилар учун муҳим аҳамиятга эга манбадир.

Жаҳон Конституцияларини ўрганиш орқали Ўзбекистон Конституцияси ҳеч бир Конституциядан кам эмаслиги, унда жаҳон Конституцияларини ривожланиш тажрибалари эътиборга олиниши билан миллий хусусиятларимиз, маънавиятимиз ҳам ўз таъсирига эга бўлганлиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Тўпламдан давлат ва жамоат арбоблари, депутатлар, давлат хизматчилари ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий ҳуқуқи, хорижий мамлакатлар Конституциявий ҳуқуқи бўйича дарслик ва қўлланмалар, ўқув машғулотлари учун кўргазмали қиёсий материаллар тайёрлашда, Конституциявий ҳуқуқ бўйича илмий изланишлар олиб боришда фойдаланишлари мумкин.

Жаҳон Конституциялари тўплами муаллифларидан келажакда жаҳондаги бошқа давлатларнинг Конституцияларини ҳам батафсил ўрганиб, тўплам ҳолида ўзбек тилида чоп этиш ишларида куч-қувват ва муваффақият ҳамроҳ бўлсин.

О.ҲУСАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси профессори.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech