Глобал медиасаводхонлик ҳафталиги: ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлаш – муҳим

2022 йил 24 октябрь куни Нигериянинг Абуджа шаҳрида “Глобал медиасаводхонлик ҳафталиги” ўз ишини бошлади. ЮНЕСКО шафелигида бўлиб ўтаётган ушбу халқаро анжуман 31 октябргача давом этади.

Ёлғон ахборот ва сохта тарғиботга алданиб қолмасликнинг қандай йўли бор? Бунинг учун ёлғон ва тўғри маълумотнинг фарқига боришни бутун умр ўрганиш тақозо этилади. Айниқса, бугунги глобал ахборотлашув ва рақамли технологиялар даврида айни кўникманинг аҳамияти беқиёсдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ёлғон ахборотга қарши курашиш масаласига катта эътибор қаратиб келмоқда, дейилади ушбу нуфузли халқаро ташкилотнинг янгиликлар сайти хабарида. Бинобарин, 2020 йил май ойидаёқ БМТ ўзининг яқин шериклари билан ҳамкорликда ижтимоий тармоқларда «Текширилган!» (Verified) глобал кампаниясини ишга туширган.

Бундан мақсад – инсонлар фақат ишончли ахборотдан фойдаланишига имконият яратишдир. Мазкур кампания ташкилотчилари ва иштирокчилари энг оммабоп онлайн-платформалар фойдаланувчиларига мурожаат қилиб, улардан интернетда кўзлари тушган ахборотни бошқалар билан баҳам кўришга шошилмасликни, бунинг учун олдин айни шу маълумотларнинг қанчалик тўғри-нотўғрилиги ҳақида ўйлаб кўришни сўраган.

Жорий йилда ўтказилаётган “Глобал медиасаводхонлик ҳафталиги” ахборотнинг тўғрилиги ва ишончлилигини таъминлаш масалаларига бағишланган. БМТ Сўз эркинлиги бўйича махсус маърузачисининг фикрича, уйдирма ва ёлғон ахборотни аниқлашга фақат медиасаводхонликни ошириш ҳамда ахборотнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш йўли билангина муваффақ бўлиш мумкин.

Хусусан, “агар инсонларни рақамли маконда тарқатилаётган ёлғон ва тўғри ахборот ўртасидаги фарқни аниқлашга ўргата олсак, муаммо ижобий ечимини топади. Худди шу жараён Финландияда аллақачон бошланган бўлиб, бу ерда болаларни бошланғич синфданоқ медисаводхонликка ўргатишмоқда”, дейди БМТ махсус маърузачиси.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ЮНЕСКО ва ҳамкорлари томонидан “Глобал медиасаводхонлик ҳафталиги” ҳар йили ўтказилади. Бу, ўз навбатида, манфаатдор томонларга “Барча учун глобал медиа ва ахборот саводхонлигига эришиш” борасида қандай натижалар қўлга киритилганини таҳлил қилиш ҳамда ибратли ютуқларни алоҳида қайд этиш имконини беради.

Шунинг учун ЮНЕСКО ҳамда ЮНЕСКОнинг Медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича альянси аъзолари барча ҳамкорларини “Глобал медиасаводхонлик ҳафталиги”ни дунё миқёсида ўтказишда ҳамжиҳатликка чорлайди. Бунда барча мамлакатларда айни мавзу юзасидан онлайн ва офлайн тарзда турли тадбирлар ташкил қилиш тавсия этилади.

Афсуски, бугунги кунда жаҳонда инсонлар, халқлар, давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончга тобора путур етмоқда. Ана шу мураккаб шароитда халқаро ҳамжамиятнинг фақат барча учун глобал медиа ва ахборот саводхонлигига эришиш йўлидаги қатъияти ҳамда жорий саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Бунинг учун дунё аҳли ўртасида ишончнинг мустаҳкамланиши йўлида глобал медиа ва ахборот саводхонлигига эришиш бўйича янги ташаббуслар билан чиқиш талаб этилади.

Шундай қилиб, жорий йилдаги “Глобал медиасаводхонлик ҳафталиги” инсонлар, оммавий ахборот воситалари, рақамли платформалар, ҳукуматлар, хусусий сектор ва ноҳукумат ташкилотлар ўртасида ўзаро ишонч ҳамда бирдамликни мустаҳкамлашга қаратилгани бежиз эмас.

Ҳафталик доирасида ўтказилаётган тадбирларда йил давомида  медиа ва ахборот саводхонлиги соҳасида эришилган ютуқлар сарҳисоб қилинмоқда. Шунингдек, бу борада ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ва ҳар қандай ишончсизликларга барҳам беришга хизмат қиладиган истиқбол режалари муҳокама этилмоқда.

 

Ғулом МИРЗО

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech