Гендер тенгликни таъминлашда парламентларнинг ўрни ва аҳамияти: Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясида бу борадаги дунё ва Ўзбекистон тажрибаси ўрганилди

Шу йил 9-15 октябрь кунлари Руанда пойтахти Кигали шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 145-ассамблеяси бўлиб ўтди. Халқаро форум "Гендер тенглик сиёсати ва гендер масалаларни инобатга оладиган парламентлар — тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ҳаракатлантирувчи куч" мавзусига бағишланди.

Ассамблея ишида 110 дан зиёд миллий парламентнинг 1 минг 200 нафардан ортиқ аъзоси, хорижий давлатлар парламентларининг 45 нафар Спикери иштирок этди. Унда, жумладан, мамлакатимиз Олий Мажлиси делегацияси ҳам қатнашди.

 

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ГЕНДЕР ТЕНГЛИК СИЁСАТИ ТАЖРИБАСИ — ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ИТТИФОҚ НИГОҲИДА

Дунё парламентларининг етакчи халқаро ташкилоти сифатида 179 мамлакатни ўзида бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқ 1889 йил 30 июнда таъсис этилган. Бу нуфузли халқаро ташкилот ўтган даврда том маънода парла­ментлар­аро халқаро бирдамликнинг ёр­қин ифодасига айланди. Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Парламентлараро Иттифоқ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланмоқда. Миллий парламентимиз вакиллари Парламентлараро Иттифоқ тадбирларида фаол иштирок этмоқда.

Парламентлараро Иттифоқнинг Кигали шаҳрида ўтказилган Ассамблеясида глобал миқ­ёсда ва давлатларда гендер тенглик сиёсати ривожи, парламентларнинг гендер масалалар бўйича фаолиятини қўл­лаб-қувватлаш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, хусусан, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, халқ­аро миграция да­ражаси юқори бўлган мамлакатлар маҳаллий ва минтақавий ривожланишига ҳамда одам савдоси ва инсон ҳуқуқ­лари бузилишининг барча шаклларига чек қўйишда парла­мент­лар роли ва аҳамиятини ошириш масалалари кў­риб чиқилди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизнинг гендер сиёсати, гендерга нисбатан сезгир парламентни шакллантириш, конституциявий ислоҳотлар жараёнида гендер тенгликни амалга ошириш борасидаги тажрибаси ҳамда жорий йил сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Жаҳон парла­мент­лари аёл спикерлари саммити, унда қабул қи­линган Тошкент деклара­ция­си ҳақи­да атрофлича маълумот берилди. Дунё парламентлари делегациялари Ўз­бекистон тажрибасини эътироф этиб, уни кенг тарғиб­ қи­лиш лозимлигини таъкидлади.

Парламентлараро Иттифоқ Президенти Дуарте Пачеко Ассамблея асосий кун тартибини танлашда парламентидаги депутатларнинг 61 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этган Руанда тажрибаси инобатга олингани ҳамда "Руанда руҳи" Парламентлараро Иттифоқ ишига ижобий таъсир кўрсатишига ишонч билдирди. "Дунё парламентларида аёллар вакиллиги ортиб бориши, аёллар имкониятларини кенгайтиришда аёл спикерларнинг ўрни ва роли бениҳоя каттадир", деди у.

Д.Пачеко, шунингдек, 2022 йил 8-9 сентябрь кунлари Ўз­бекистонда 17 аёл спикер, 120 нафардан ортиқ аёл депутат иштирок этган Жаҳон парламентлари аёл раҳбарлари саммитида қабул қилинган "Барқарорлик ва фаровонликни ошириш мақсадида хатарларнинг ол­дини олиш: парламент етакчилиги" номли Тошкент декларациясининг гендер тенг­ликка эришиш йўлида муҳим ҳужжат эканига алоҳида эътибор қаратди.

 

КИГАЛИ ДЕКЛАРАЦИЯСИ: АДОЛАТЛИ ВА ГЕНДЕР СИЁСАТНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛОВЧИ ЖАМИЯТ САРИ

Ассамблея кун тартибидаги масалалар борасида дунё, айрим минтақа ва давлатларда сўнгги йилларда кузатилаётган тенденциялар таҳлил этилди. Халқаро анжуман якунида Парламентлараро Иттифоқнинг тегишли резолюциялари ва Кигали декларацияси қабул қилинди.

Ҳали-ҳануз дунёда бирор мамлакат гендер масалаларни тўла ҳал қилган, деб бўлмайди. Шунинг учун Парламентлараро Иттифоқнинг 145-ассамблеяси асосий ҳужжати бўлмиш Кигали резолюциясида таъкидланганидек, дунё мамлакатлари даражасида ва глобал миқёсда гендер сиёсатни ривожлантириш, "гендерга нисбатан адолатли ва гендер сиёсатни қўл­лаб-қувватловчи жамиятни шакллантириш", қарорлар қабул қилишда сиёсий инс­титутлар томонидан аёллар хизмат қиладиган ташкилотларда хотин-қизларнинг овозларини инобатга олишни таъминлашда гендер сезувчан парламентлар ишини йўлга қўйиш ва уларни баҳолашда қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан:

 гендер масалаларни инобатга олган ҳолда парламент тузилмаларини такомиллаштириш;

 парламентда "гендер маданият"ни шакллантириш, "гендер сезувчанлик"ни тушуниш, уни парламент фаолиятининг асосий тамойилларига айлантириш ва амалиётда қўллай билиш;

 жамият ва давлат ҳаётида гендер тенг­ликни таъминлаш стрaтегиясини ривожлантириш, гендер масалаларни инобатга олувчи бюджетни шакллантириш ва гендер аудитини амалга ошириш;

 жамиятдаги гендер тенгликка нисбатан муносабатни доимий мониторинг қилиш, ўрганиб бориш, тегишли тадқиқотларни амалга ошириш ва тaвсиялaр тайёрлаш;

 гендер тенглик сиёсатининг ҳаётга татбиқ этилиш ҳолати ва хотин-қизларнинг давлат бошқаруви органларидаги вакиллиги ва иштирокини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда.

 

ГЛОБАЛ ДУНЁДА ГЕНДЕР ТЕНГЛИК СИЁСАТИ

Ушбу соҳада биргина БМТ доирасида қатор халқаро шартномалар, ўн­лаб халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Улар гендер тенглик ва адолат тамойилларини ўзида акс эттириши, ўзаро боғлиқлиги, бир-бирини та­қозо этиши ва тўлдириши ҳамда ҳаё­тийлиги билан ажралиб туради.

Бунда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция умумэътироф этилган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликка эришиш борасидаги "жаҳоннинг глобал Конституцияси" саналади.

Парламентлараро Иттифоқ томонидан 2012 йилда қабул қилинган "Гендерга нисбатан сезувчан парламентлар учун ҳаракатлар режаси"нинг ҳаётга татбиқ этилаётгани мамлакатларда ва глобал миқёсда гендер сиёсатни ривожлантириш ва гендер тенгликка эришишга хизмат қилмоқда.

 

ГЛОБАЛ ГЕНДЕР ТЕНГЛИК ВА КОНСТИТУЦИЯ

Бугунги кунда гендер тенгликни таъминлашда тегишли масалаларнинг дунё Конституцияларида акс эт­тирилиши, "гендер масалаларга сезгир Конс­титуциялар" қабул қилиниши тенденциялари намоён бўл­моқда. Албатта, Ўзбекистон ҳам ушбу йўналишда жаҳон ҳамжамияти билан бирга қадам ташламоқда.

Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби М.Чунгонг Ўзбекистондаги гендер сиёсат ва конституциявий ислоҳотлар хусусида гапириб, "гендер сезгир Конституция" қа­бул қилиниши мамлакатда хотин-қизларнинг эркинликлари, ҳуқуқлари ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, улар камситилишига ва уларга нисбатан ҳар қандай зўравонликка йўл қўйилмаслигига хизмат қилиши"ни таъкидлади.

Руанда парламенти Депутатлар палатаси Спикери Донатилла Мукабалиса ҳам "Руандада гендер тенглик ва аёлларнинг раҳбарлик лавозимларини тарғиб қилиш конституциявий мажбурият" экани, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар эса дунёдаги умумий тенденцияларни инобатга олаётганини эътироф этди.

Соҳага оид дунё конституциявий тажрибасини ўрганиш халқаро мажбуриятларга мувофиқ хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги тенглик тамойилини амалга ошириш йўлидаги биринчи қадам сифатида гендер тенглик тамойили Конституцияларга киритилаётганидан далолат беради. Бунда гендер нуқтаи назаридан конститу­ция­вий ислоҳотларнинг асосий вазифаси қуйидагилардан иборат:

биринчидан, Конституцияга умум­эътироф этилган принцип ва нормаларни киритиш. Бугунги кунда дунё Конституцияларининг 98 фоизи тенглик ва камситилмаслик, 94 фоизи зўравонликдан ҳимоя қилиш, 86 фоизи хотин-қизларнинг таълим олиши, 85 фоизи ижтимоий хизматлардан фойдаланиш кафолати, 44 фоизи дискриминацияга қарши чоралар ва 12 фоизи хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича алоҳида қоидаларни ўз ичига олади;

иккинчидан, барча жабҳада хотин-қизларнинг конституциявий назорат ва ислоҳотлар жараёнларида тўлиқ ва тенг иштирок этишини таъминлаш лозим;

учинчидан, Конституцияни янгилашда жаҳон давлатларининг гендер омилларни, айниқса, "камситувчи конс­титуциявий қои­даларга" барҳам бериш борасидаги ижобий тажрибасини инобатга олиш керак.

Шу билан бирга, хотин-қизлар ҳуқуқ­ларига оид конституциявий нормалар тенглик ва камситилмасликнинг умумий тамо­йиллари билангина чегараланмай, аёлларнинг ўзига хос ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам қамраб олиши лозим. Улар таълим, соғ­лиқни сақлаш, фуқаролик, сайланадиган ва тайинланадиган органларда иштирок этиш каби соҳаларни ҳам назарда тутиши зарур.

Конституциявий ислоҳотлар, хусусан, қуйидаги вазифаларни ҳал этишни кўзлайди.

Биринчи вазифа: эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгликни таъминлаш учун вақтинчалик махсус чораларни ҳаётга татбиқ этиш.

Иккинчи вазифа: гендер масалаларни инобатга олган бюджетлар ишлаб чиқилишини таъминлаш.

Учинчи вазифа: аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини конституциявий қои­дага айлантириш.

Ўз навбатида, мамлакатимиздаги конс­титуциявий ислоҳотларни ўрганган хорижий парламентарийлар ва экспертлар янгиланаётган Ўзбекистон Конституциясига:

 инсон қадр-қиммати, эркинликлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари­ни ҳурматлаш ва ҳимоя қилиш;

 ижтимоий ва ҳуқуқий давлат қу­риш, адолатли очиқ фуқаролик жамия­тини шакл­лантириш;

 хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш каби вазифаларни ҳал этишга қаратилган 100 дан зиёд муҳим янгилик киритилаётгани гендер сиёсатни мутлақо янги босқичга олиб чиқади, деб қарамоқда. Улар бундай янгиланишларни ижобий баҳоламоқда.

Халқаро ва хорижий экспертларнинг фикрича, ушбу янгиликлар нафақат соҳага оид халқаро шартномалар тегишли тамо­йиллари ва қоидаларини миллий қонунчилигимизга имплементация қилишга, балки халқаро ҳуқуқнинг ўзини ҳам ривожлантиришга туртки бўлиши мумкин.

 

БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАҚСАДЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШДА ПАРЛАМЕНТ ИМКОНИЯТЛАРИ

Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида Ўзбе­кис­тон ҳам "2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифа­лар"­ни белгилади. Миллий мақсадларнинг бешинчисини амалга ошириш доирасида "Гендер тенгликни таъминлаш ҳам­да барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш"га оид тўқ­қизта вазифа ишлаб чиқилди ва улар босқичма-босқич ҳал этилмоқда.

Миллий Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида мамлакатимиз, жумладан:

 ҳамма жабҳаларда хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча турларини тугатиш;

 давлат ва хусусий секторда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча турларини йўқ қилиш;

 жамият ҳаётида хотин-қизларнинг тў­лиқ ва самарали иштирокини ҳамда барча даражада етакчилик учун тенг имкониятларни таъминлаш;

 давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини тўлиқ акс эттириш вазифаларини ўз зиммасига олган.

 

ГЕНДЕР ТЕНГЛИК ВА МИГРАЦИЯ МУАММОСИ

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш нуқтаи назаридан, Парламентлараро Иттифоқнинг 145-ассамблеясида гендер масалаларидан таш­қари яна бир муаммо — миграция, айниқса, аёллар миграцияси масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда бошқариладиган миграцияни қўл­лаб-қувватлаш парламентарийларнинг асосий ва устувор вазифаларидан бўлиши кераклиги эътироф этилди.

Ассамблеяда Парламентлараро Иттифоқнинг Демократия ва инсон ҳу­қуқ­ларини ҳимоя қилиш бюроси томонидан тайёрланган "Халқаро миграция даражаси юқори бўлган мамлакатларнинг маҳаллий ва минтақавий ривожланишига парламентнинг таъсири ҳамда одам савдоси ва инсон ҳуқуқ­лари бузилишининг барча шаклларига, жумладан, давлат томонидан қўллаб-қувватланишига чек қўйиш" номли резолюция ҳар томонлама кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

 

ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ИТТИФОҚ ВА ЎЗБЕКИСТОН ЎРТАСИДАГИ МАНФААТЛИ МУНОСАБАТЛАР ЭЪТИРОФИ

Ўзбекистон делегациясининг Парла­мент­лараро Иттифоқ Ассамблеясидаги иштироки даврида ушбу ташкилот Президенти Дуарте Пачеко, Бош котиби Мартин Чунгонг, Осиё Парламентлар ассамблеяси Бош котиби доктор Муҳаммад Ризо Мажидий, Руанда, Швеция, Зимбабве, Бирлашган Араб амирликлари, Уругвай, Сербия ҳамда бошқа давлатлар парламентлари раҳбарлари ва аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Парламентлараро Иттифоқ Президенти 2021 йил июнида Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро форумнинг юқори натижалари ва Бухоро декларацияси қабул қи­линганини ҳам эътироф этди.

Хулоса қилиб айтганда, Парламентлараро Иттифоқ раҳбарияти ва аъзолари ушбу ташкилот билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ижобий баҳолайди. Мазкур ташкилотнинг Кигалида бўлиб ўтган Ассамблеясида айни ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш истаги билдирилди.

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech