Жорий йилнинг 28 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро Ассамблеясининг кузги сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Тожикистон Республикаси Мажлиси Олии Мажлиси Намояндагон Раиси Маҳмадтоир Зоир Зокирзода билан учрашди.
Кейинги йилларда икки давлат Президентларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб амалга ошираётган оқилона сиёсати натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди. Бу, ўз навбатида, парламентлараро ҳамкорликни янада жонлантиришга туртки бўлмоқда.
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли ўзаро дўстона алоқалар аниқ амалий қадамлар билан бойитилган ҳолда ривожланмоқда. Ҳамкорликнинг янги саҳифаси икки халқ манфаатлари йўлидаги янги мақсадлар ва истиқболлар билан тўлган. Очиқ, самимий мулоқотлар парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш учун ҳам мустаҳкам пойдевор қўйди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, уни янада ривожлантиришда парламентларнинг роли ва ўрнини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини тобора кенгайтириб бориш масалалари икки мамлакат парламенти вакилларининг диққат-марказида бўлди.
Томонлар Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларида эришилган улкан ижобий ўзгаришлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкашга замин яратиб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришда парламент аъзоларининг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида урғу қаратдилар.
Мулоқот очиқлик, ўзаро ишонч, англашув ва дўстона руҳда ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти
- Қўшилди: 28.10.2022
- Кўришлар: 5775
- Чоп этиш