Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз фаолиятини глобал муаммолар билан боғлиқ ўта мураккаб шароитларда олиб бормоқда. Бир томондан, иқлим ўзгаришлари, иккинчи томондан, геосиёсий вазият туфайли БМТ Кенгаши аъзолари фавқулодда мажлислар ўтказиш ва турли мамлакатларда инсон ҳуқуқларига амал қилинишини назоратга олиш юзасидан янги механизмлар таъсис этиш ҳамда янги резолюциялар қабул қилишларига тўғри келмоқда.
БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида сўзга чиққан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси Федерико Вильегас шу ҳақда гапирди, дейилади БМТ янгиликлари сайти ахборотида.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тартиб-таомилларига кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ушбу лавозимга бир йил муддатга сайланади. Кенгаш раиси ўзи раислик қилган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши томонидан бир йиллик даврда амалга оширилган ишлар, дуч келинган муаммолар ҳақида БМТ Бош Ассамблеясига маъруза тақдим этади.
Шу маънода, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси Федерико Вильегаснинг БМТ Бош Ассамблеяси мажлисидаги маърузасида мазкур Кенгашнинг 2021 йил 1 октябридан – 2022 йил 7 октябригача бўлган даврда амалга оширган ишлари ҳақида сўз борди. Хусусан, маърузада қуйидаги рақамлар қайд этилди:
- ўз таркибига БМТга аъзо давлатларнинг 47 тасини жамлаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши бир йилда учта сессия ўтказган;
- ушбу сессияларда 100 та резолюция, баёнот ва қарорлар қабул қилинган;
- шу ҳужжатларнинг 67 таси овоз берилмасдан маъқулланган;
- БМТ махсус маърузачиларининг – 14 та, шунингдек, махсус тартиб-таомилларнинг “мавзули мандатлари” доирасида – 45 та ва суриштирув ишларини олиб бориш бўйича механизмларнинг – 10 та маърузаси тингланган.
Федерико Вильегас БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг сўнгги 12 ойда шуғулланишига тўғри келган энг долзарб мавзулар ҳақида тўхталар экан, иқлим ўзгаришлари ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш билан боғлиқ муаммоларга алоҳида урғу берди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида изчил ва самарадор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани бу соҳадаги амалий фаолиятимизнинг юксак эътирофи бўлди. 2021 йил 1 январдан буён мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида фаол ва самарали фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланди. Ўзбекистон вакили бу юксак лавозимдаги вазифаларини 2022 йилдан эътиборан бажариб келмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳонда нуфузи ўсиб бораётгани –бу нафақат давлатнинг ҳар томонлама пухта ўйланган, қатъий ва мустақил ички ва ташқи сиёсати натижаси, балки мамлакатда демократик ва бозор ислоҳотларини амалга оширишда эришилаётган ютуқларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши ҳамдир.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 02.11.2022
- Кўришлар: 5319
- Чоп этиш