Мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги даврда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ҳамда муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди.
Шу кунларда мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот жараёнлари айни мезонни янада юксак босқичга кўтаришга қаратилган. Ушбу ислоҳотларнинг бош ғояси этиб: “Барпо этилаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати – ҳамма нарсадан устун!” тамойили белгилангани ҳам буни яққол тасдиқлайди.
Янгиланаётган Конституциямиз моддаларида “Миранда қоидаси”, “Хабеас корпус” институти, фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш, товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағлар эркин ҳаракатланиши, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олиш ҳуқуқи, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, ернинг хусусий мулк бўлиши, аёллар, болалар, ёшлар ва нуронийлар, мигрантлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши билан боғлиқ нормалар батафсил мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Айни чоғда, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси давомида келиб тушган таклифлар асосида маромига етказилмоқда. Ушбу лойиҳанинг мамлакатимиз суверенитети ва халқимиз мустақиллигини конституциявий негизда янада қатъий таъкидлашга қаратилган айрим янги нормаларига мухтасар тўхталамиз.
Биринчидан, Конституциявий қонун лойиҳасида Асосий қонунннинг Муқаддима қисми янги таҳрирда таклиф этилган бўлиб, жумладан, унда:
“Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи, инсон ҳуқуқларига ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига ўз содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари устуворлигини эътироф этиб, ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ҳамда манфаатлари тўғрисида ғамхўрлик қиладиган, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлаш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда, очиқ, адолатли ва баркамол фуқаролик жамиятига интилиб...”, деган бандлар бор.
Иккинчидан, Конституциянинг 1-моддаси мана бундай янги таҳрирда тавсия этилмоқда:
“Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат. Давлатнинг “Ўзбекистон Республикаси” ва “Ўзбекистон” деган номлари бир маънони англатади”.
Учинчидан, Асосий қонун 17-моддасининг биринчи қисмини қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан алмаштириш таклиф этилган:
“Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсатини олиб боради”.
Тўртинчидан, Конституциянинг 18-моддасини қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан тўлдириш кўзда тутилмоқда:
“Ўзбекистон Республикасида инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларига биноан ҳамда мазкур Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади.
Инсоннинг қадр-қиммати, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз, ажралмасдир ва улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади”.
Бешинчидан, Бош Қомусимизнинг 22-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилинган:
“Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас.
Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”.
Қисқача айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган матнидан жой олган шу каби конституциявий нормалар замирида, бир томондан, Ўзбекистон давлати ва халқининг мустақиллиги, суверенитети, эгаменлигига асосли равишда урғу берилаётган бўлса, иккинчи томондан, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкам кафолатлаш назарда тутилмоқда.
Конституциявий ислоҳотлар “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берилган 2022 йилда амалга оширилаётгани ҳам бежиз эмас.
Инсон қадри дегани, содда қилиб айтганда, инсонни улуғлаш ва инсонлар ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббатни қадрлаш деганидир. “Инсон қадри” тушунчаси – инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланишини ҳам ўзида мужассам этади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек: “Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. Бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак”.
Айтиш ўринлики, сўнгги йилларда дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли оғир ва мураккаб вазият юзага келганига қарамай, олдимиздаги устувор мақсадимиз – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ғоят муҳим натижаларга эришилмоқда. Бунда дастлаб Ҳаракатлар стратегияси, эндиликда Тараққиёт стратегияси дастуриламал бўлмоқда. Халқимизнинг хоҳиш-истаклари ва таклифлари асосида мамлакатимиз Конституциясига инсон қадрини юксалтирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши эса давлатимизнинг инсонпарвар ва халқпарвар сиёсатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Фарида ХАҚБЕРДИЕВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
миллий маркази масъул ходими
- Қўшилди: 04.11.2022
- Кўришлар: 6086
- Чоп этиш