Мамлакатимиз пойтахтида жорий йилнинг 2-4 ноябрь кунлари “Tashkent Book Fest–2022” халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Президентининг “Беш ташаббус” лойиҳаси ҳамда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони доирасида ташкил этилди.
Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётимизнинг барча соҳаларида самара бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси сифатида ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш белгиланган. Шу негизда айни йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Юртбошимиз раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва ҳаётимизга изчил татбиқ этилаётган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатимизни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Мазкур дастуриламал ҳужжат китобхонликни кенг тарғиб қилиш йўналишидаги маърифий чора-тадбирларнинг ҳам мантиқий давоми ҳисобланади.
Тараққиёт стратегиясида 100 дан ортиқ устувор йўналиш белгилаб берилган. Жумладан, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, халқимизни юқори сифатли китоб ва босма маҳсулотлар билан таъминлашни тубдан яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 72-мақсадида аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш назарда тутилган.
Бу ҳақда сўз борганда, Президентимизнинг ташаббуси билан 2017-2021 йилларда татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда ноширлик, адабиёт, кутубхона ва китобхонлик соҳаларини ривожлантиришга қаратилган ўнга яқин фармон, қарор ва фармойишлар қабул қилинганини таъкилаш лозим. Айниқса, 2021 йил 26 ноябрда “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилингани соҳа тараққиётида алоҳида ўрин тутиб келмоқда.
Соҳага оид ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти нимада? Биргина рақам келтирамиз: 2019-2022 йилларда юртимиз нашриётлари томонидан 26 минг 754 номдаги 132 миллиондан ортиқ адабиёт ва матбаа маҳсулотлари нашр этилган.
Демак кейинги 6 йил ичида шунча улкан миқдордаги китоблар юртдошларимизнинг қўлига етиб борди. Янада муҳими, ушбу китоблар биз зиёлиларга маънавий мададкор бўлмоқда, ёшларимизга эса қанот бағишламоқда.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз таъбири билан айтганда, «Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир». Нега деганда, китоблар миллий ўзлик ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилади.
Мустақиллик туфайли кўп минг йиллик асл илдизларга қайтиб, миллий давлатчиликни, миллий ўзлик ва маънавиятни, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматни тиклашдек ҳуқуқий имконларга эга бўлдик. Истиқлол китобхон халқ деган азалий юксак мавқеимизни нафақат қайтариб берди, айни чоғда, бу борадаги интеллектуал салоҳиятимиз ва имкониятларимизни тубдан оширишнинг асосий омили бўлиб ҳам келмоқда.
Мамлакатимизда “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида ҳар йили “Китоб байрами” тадбирларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Уушбу маънавий-маърифий тадбирлар, академик Акмал Саидов таъкидлаганидек, давлат томонидан адабиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва эришилаётган натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимиз, жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни яхшилаш, китобга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплашда ўз самараларини бермоқда.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истарддики, ота-оналар мунтазам равишда ўз фарзандларини китоб дўконларига олиб боришлари, уларнинг кутубхонага қатнашини рағбатлантиришлари зарур. Айниқса, инсонларнинг бир-бирига китоб совға қилиши анъанасини кенг жорий қилиш керак.
Ҳозирги кунда юртдошларимиз орасида байрам, тўй ва туғилган кунларда китоб совға қилиш оммалашиб бораётган бўлса-да, айримлар ҳалигача китоб ҳадя этишдан ор қилади, уялади. Ваҳоланки, китобдан улуғ совға борми? Йўқ, асло!
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 04.11.2022
- Кўришлар: 6114
- Чоп этиш