“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинарининг халқаро мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбир Фанлар академияси, Ўзбекистон социологлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди. Семинар мажлиси академик олима Раъно Убайдуллаева номидаги йиллик социологик ўқишлари доирасида ўтказилди.
Семинарда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик, профессор Қаландар Абдураҳмонов, Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Шафоат Нуруллаева ва бошқалар янги тараққиёт йўлига қадам қўйган мамлакатимизда “Инсон қадри учун!” тамойили устувор ўрин эгаллаётганини таъкидлади.
Давлат, жамият ривожининг замонавий босқичида мамлакатдаги ўзгаришлар ва воқеаларга фуқароларнинг муносабати, жамоатчилик фикрини, қабул қилинаётган қарорларга аҳолининг баҳосини аниқлашга оид социологик тадқиқотлар, сўровларни ўтказиш ҳам ғоят долзарбдир.
Жамоатчилик фикри сўровлари фуқаролик жамиятининг одамлар ижтимоий кайфияти, орзу-умидларини акс эттирувчи, узатувчи, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига сиёсий соҳада, бизнес, мамлакат ижтимоий ҳаётида тўғри қарорлар қабул қилишда кўмаклашувчи муҳим воситадир.
Халқаро семинарда таъкидланганидек, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистонда биринчилар қаторида жамоатчилик фикрини ўргана бошлади. Ҳозирги кунда мазкур марказ жамият ҳаётининг турли масалалари бўйича мамлакат фуқароларининг фикри ва тасаввурларини ўрганишга оид долзарб мавзудаги тадқиқотларни ўтказиб келмоқда.
– “Ижтимоий фикр” маркази қисқа вақт давомида жамоатчилик фикрини кенг ўрганишда муҳим майдон ва Ўзбекистоннинг ўзига хос ташриф қоғозига айланди, – деди Қозоғистон Республикаси Миллий Фанлар академияси вице-президенти Зарема Шаукенова. – Жамоатчилик фикрини ўрганишга доир тадқиқотларда атоқли ўзбек олимаси Раъно Убайдуллаеванинг ҳиссаси беқиёсдир. Зеро, Ўзбекистонда илм-фанда аёлларнинг ўрни доим залворли бўлиб келган.

– Мен “Ижтимоий фикр” марказининг учрашув ва анжуманларида бир неча марта иштирок этмоқдаман, – деди “Социологические исследования” журнали таҳрир кенгаши раиси, Россия Гуманитар университети социология кафедраси мудири, Россия Фанлар академияси мухбир-аъзоси Жан Тошенко. – Ушбу марказ ўз тадқиқотлари сабабли Россия Федерациясида ҳам маълум ва машҳурдир. Бунда Раъно Убайдуллаева олиб борган тадқиқотларнинг ўрни катта. Ўзбекистонлик социологик тадқиқотчиларнинг ютуқли томони шундаки, улар иқтисодчилар, демографлар билан доимий узвий ҳамкорлик қиладилар.
– “Ижтимоий фикр” маркази бугунги кунда мамлакат ҳаёти учун энг керакли институтга айланди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Шафоат Нуруллаева. – Ўзбекистонда социология фанининг ривожидаги илк босқичи билан унинг ҳозирги тараққиёт даври ўртасида жуда катта фарқ бор. “Социологик тадқиқотлар нима учун керак? Уларнинг натижалари қандай бўлади?” деган саволларга ўрин қолмади. Респондентлар жамоатчилик фикрини ўрганиш мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этишини теран англамоқда. Негаки, социологик тадқиқотлар давлат ва жамият ривожи учун ғоят муҳим бўлиши билан бирга одамлар, жамият ҳаётини тартибга солувчи асосий омилдир.
Дарҳақиқат, ўтган вақт мобайнида мамлакатимиздаги бир қатор олий таълим даргоҳларида социологлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу борадаги миллий кенгашлар, тадқиқот марказлари, илмий нашрлар сони ортди. Ўзбекистон социологлари ассоциацияси ташкил этилди. Бугунги кунда ижтимоий сўровномалар, одамларнинг фикр ва кайфияти, мулоҳазаларининг марказ томонидан пухта ўрганилиши муҳим давлат дастурлари, қонун ҳужжатларининг қабул қилинишида ўзига хос ўрин тутмоқда.
Семинарда “Ижтмоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори Нигина Раҳимованинг “Янги Ўзбекистон: Ўзбекистон жамиятининг замонавий жараёнларига социологик нигоҳ” номли маърузаси тингланди. Унда таъкидланганидек, мамлакатнинг суверен тараққиёти, “Янги Ўзбекистон” Концепциясининг амалга оширилиши шароитида миллий хусусиятлар ва менталитетни ҳар томонлама инобатга олган ҳолда методологик асосларга таяниб жамоатчилик фикрини мунтазам мониторинг қилиш муҳимдир. Бу эса жамоатчилик фикрини ўрганиш методологиясини доимий тарзда такомиллаштириб боришдек долзарб вазифани илгари суради.
Социологик тадқиқотлар натижалари демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида мамлакатимизнинг янада ривожланиши истиқболларига оид жиддий мулоҳазалар ва фундаментал назарий хулосалар учун муҳим амалий материал бўлиб ҳисобланади.
Семинарда “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш: қадамма-қадам” моногирафияси, академик Раъно Убайдуллаева номидаги 1-социологик ўқишнинг илмий мақолалари тўплами “Янги Ўзбекистон: Ўзбекистон жамиятининг замонавий жараёнларига социологик нигоҳ” мавзусидаги янги китоблар тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази фаолиятининг 25 йиллиги муносабати бидан ходимлар ва ҳамкор ташкилотлар, уларнинг вакиллари тақдирланди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 07.11.2022
- Кўришлар: 5972
- Чоп этиш