ХОРИЖИЙ ИЛМИЙ МАНБАЛАРДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШ КЕРАК?

Жорий йил 3 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Замонавий таълим ривожида хорижий илмий-таълимий манбалардан  фойдаланиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Тадбир “INFOLIB O‘zbekiston – 2022” XI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасаларининг илмий тадқиқотчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Анжуман доирасида нуфузли халқаро ахборот компанияси – ЕБСCОнинг Россия, Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси бўйича вакили Aлександр Ритовнинг “ЕБСCО компаниясининг электрон ресурслари” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Иштирокчиларга илмий ва таълимий ахборот тарқатишга ихтисослашган ушбу етакчи компаниянинг  бугунги кундаги фаолияти ва иш услуби ҳақида атрофлича маълумот берилди. Маъруза йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

 Шунингдек, семинарда илмий электрон базалардан фойдаланиш, уларга обуна бўлиш, илмий тадқиқот учун зарур манбаларни тўғри танлаш бўйича фойдали билимлар тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 20 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Меморандумда ўзаро ҳамкорликда маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Хусусан, “Замонавий таълим ривожида хорижий илмий-таълимий манбалардан  фойдаланиш” мавзусида ўтказилган ушбу семинар ана шундай тадбирлар жумласига киради.

 

Ҳамидулло Мўминов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази “Инсон ҳуқуқлари уйи” масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech