26 мингдан ортиқ маҳкум жазо муддатини ўтамоқда, уларга қандай шароитлар яратилган?

Мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоялаш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада бир қатор қонун ҳужжатлари ҳамда комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.

Мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини аниқ ифода этилишини таъминлаш мақсадида махфий ҳисобланган айрим маълумотлар очиқ маълумотлар рўйхатига киритилди. Президентимиз бошчилигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ижтимоий хавфи ҳамда унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк маротаба сайлаш ҳуқуқи берилди. Умумий, қаттиқ, махсус, турма тартибли ва тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашувлари, учрашувлари ҳамда жўнатма қабул қилишлари сони қарийб икки баробар кўпайтирилди.

Айни пайтда мамлакатимизда мавжуд бўлган 54 та жазони ижро этиш колониясидан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналаридир. Жазони ижро этиш тизимида 26 мингдан ортиқ, шундан 8 мингдан ортиғи манзил колонияда, 18 мингдан ортиқ маҳкумлар бошқа турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Депутатлар, Вазирлар Маҳкамасининг Ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг фаолиятини молиявий ва моддий техник таъминлаш бўлими, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти, Бош прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг масъул ходимлари ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) иштирокида ўтган йиғилишда соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётганларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари қонун билан белгиланди. Жиноят ижроия кодексига жазо муддатини ўтаётган шахсларни рағбатлантириш чораларини қўллаш тартибини белгиловчи янги норма киритилиб, маҳкумларнинг жазо муддатини ўташ давомида шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилди. 

 

Маҳкумларнинг илтимосига кўра, узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши йўлга қўйилди.  

Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг олис масофадан келувчи яқин қариндошлари оворагарчилигига барҳам бериш мақсадида масофали учрашув хоналари тайёрланди. Кам таъминланган оила вакили бўлган жазо муддатини ўтаётган шахслар юқори ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилиши таъминланди.

— Жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, уларга муносиб шароитларни яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, халқ томонидан «тоштурма» деб аталиб, салбий таърифланган УЯ 64/1 тергов ҳибсхонаси ёпилди, — деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова. — Унинг ўрнига халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган Тошкент вилоятининг Зангиота туманида янги 1-сон тергов ҳибсхонаси қурилиб, 2018 йилда фойдаланишга топширилди. «Жаслиқ» колонияси тугатилди ва унда сақланган маҳкумлар республиканинг бошқа колонияларига ўтказилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га жазони ижро этиш колонияларига ҳеч қандай монеликсиз кириш ҳуқуқи берилди. Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ўтказилиши йўлга қўйилди. Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасаларида Омбудсманга, прокурорга мурожаатлари, ариза ҳамда шикоятлари учун мўлжалланган алоҳида почта қутилари ўрнатилган. Қонунларга риоя этилишини мунтазам равишда мониторинг қилиб боряпмиз. Мазкур жараёнларда маҳкумларнинг мурожаатларини ҳам тинглаб, тегишли тартибда чоралар кўришга ҳаракат қиляпмиз.

Кенгайтирилган йиғилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг 1-чорак давомида жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилган мониторинг тадбирлари натижалари, маҳкумлардан келиб тушган мурожаатлар, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилган назорат тадбирлари ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоларининг жойлардаги ўрганишлар натижалари ва таҳлилий маълумотлари муҳокама қилинди. Айрим хато ва камчиликлар, унинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар танқидий кўриб чиқилди.

Жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш, жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech