Миллий марказда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси делегацияси билан учрашув бўлди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси Европа ва Марказий Осиё сектори раҳбари Хулан Цедев билан 2022 йил 11 ноябрда бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш борасида эришган ютуқлари муҳокама этилди.

Мулоқотда делегация аъзолари – БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг инсон ҳуқуқлари бўйича масъул ходими Д.Желабер, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими раҳбари ўринбосари Ф.Пиана ва мазкур минтақавий бўлимнинг Тошкент шаҳридаги Миллий мувофиқлаштирувчиси Г.Амонова иштирок этди.

А.Саидов мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро механизмлар билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш, шунингдек, Ўзбекистон зиммасига олган халқаро мажбуриятлар бажарилишининг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари соҳасидаги учта халқаро шартнома юзасидан БМТнинг тегишли қўмиталарига даврий маърузалар тақдим этди. Бу ўринда БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларни тугатиш бўйича қўмитаси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига тақдим этилган миллий ҳисоботлар ҳақида сўз бормоқда.

Мулоқотда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси фаолияти хусусида алоҳида сўз юритилди. Ушбу Комиссиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси бажарилишига кўмаклашиш доирасидаги фаолияти меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Миллий марказ директори, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига амал қилиниши юзасидан даврий маърузалар тайёрлаш ва тақдим этиш жараёнларига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалаб этиш амалиёти ҳақида сўзлаб берди. Мамлакатимиз қўшилган халқаро шартномаларни бажариш бщйича муқобил маърузалар тайёрлаш тажрибаси ҳам аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси делегацияси аъзолари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан яқин алоқалари ўз самараларини бераётгани ҳақида сўз юритдилар. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро механизмлар билан ўзаро яқин ҳамкорликда иш олиб бораётгани муҳимлиги таъкидланди.

Х.Цедев Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 46-сессиясида илгари сурган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида Глобал форум ўтказиш ташаббуси амалга оширилаётгани билан табриклади.

Учрашув якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни 2023 йилда изчил давом эттириш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech