Ўзбекистон — Туркия: парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси депутати, “Туркия-Ўзбекистон” парламентлаларо ҳамкорлик гуруҳи раҳбари О.Местен билан учрашди.

Учрашув аввалида меҳмонларга Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳаларда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўз навбатида, О.Местен ҳозирги пайтда икки давлатлар ўртасида парламентлараро, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда анъанавий дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга имкон берадиган конструктив ва очиқ муносабат ўрнатилганини таъкидлади.

Туркий давлатлар орасида Ўзбекистоннинг ўзига хос ўринга эгалиги, Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам нуфузи, маданий меъросларга бойлиги билан муҳим аҳамиятга эга экани, Туркия Ўзбекистонни қатъий ва ишончли шерик сифатида билишини билдирди.

О.Местен 10-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ҳақида тўхталар экан, унинг айнан А.Темур, Имом ал-Бухорий каби буюк тарихий шахсларнинг юрти Самарқанд шаҳрида ўтказилиши туркий дунё қардош халқларининг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлашда рамзий маънога эгалигини қайд этди.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида жорий йил декабрь ойида “Дўстлик гуруҳлари”нинг онлайн учрашуви ҳамда 2023 йилнинг биринчи чорагида “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар қардош халқларимиз фаровонлиги ва манфаатлари йўлида ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқлади.

Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech