16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида қабул қилинган Бағрикенглик тамойиллари декларацияси дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлаш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён мазкур ҳужжат қабул қилинган сана, 16 ноябрь – ҳар йили бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонлаб келинади. Бундан кўзланган асосий мақсад  дунё халқларини бағрикенгликка, тинчликни асраб-авайлашга ҳамда ижтимоий-иқтисодий фаровонликка эришишга чорлашдир.

Ушбу санани Ўзбекистонда нишонлаш ҳам яхши анъанага айланган. Айни кунларда юртимизда Халқаро бағрикенглик ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон – кўпмиллатли мамлакат. Зеро, шу азиз Ватан – барчамизники. Бу заминда асрлар мобайнида турли миллат ва элат вакиллари қўлни-қўлга бериб, елкама-елка яшаб келмоқда. Юртимизда миллатлараро тотувлик, динларааро бағрикенглик муҳити ҳукмрон.

Халқимиз одамийлик, инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, неча-неча авлодларга безавол етказиб келмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқ ҳаётини, дунёқарашини, турмуш тарзини ўзгартирмоқда.

Жамиятимизда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” деган юксак мақсад шакллантирилиб, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги тамойил кундалик фаолиятнинг асосига айланди. Бугунги кунда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Биз ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадрият этиб белгиладик. Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз”.

Тараққиёт стратегияси доирасидаги еттита устувор йўналишнинг ҳар бири бўйича амалга ошириладиган энг муҳим вазифалар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилган. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.

Ўзбекистон кўплаб халқаро ташкилотлар ва жаҳон давлатлари билан кенг кўламли ҳамкорликни амалга оширмоқда. Шу тариқа юртимиз ҳаётбахш ислоҳотлари, демократик ўзгаришлар йўлида собитқадамлиги, мустақил ички ва ташқи сиёсати билан дунё халқларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, Ўзбекистоннинг тараққиёт, маърифат ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлидаги илғор ташаббуслари  халқаро  ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини таъкидлаш лозим. Бунга биргина мисол: Ўзбекистон  Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, 2018 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида “Маърифат  ва  диний  бағрикенглик” резолюцияси мазкур нуфузли халқаро ташкилотга аъзо 193 мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилинди.

Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 11 июлдаги 76-сессиясида қабул қилинган «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюцияси, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон Президентининг минтақалараро узвий боғлиқлик концепциясини амалга ошириш йўлида қўйилган оламшумул қадамдир. Бу залворли қадам, албатта, халқаро ҳамжамият Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган улкан бирдамлик ғоясига узоқни кўра билиш ва тўғри прогноз қилиш қобилиятининг ҳосиласи сифатида юксак баҳо берганини англатади.

Халқаро ҳуқуқ, ҳуқуқий маданият ва миллий қадриятлар ҳақида гап борганда, аввало, кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олийжаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олганини алоҳида эътироф этиш лозим. Зотан, Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида яққол акс эттиради.

Конституция – тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳужжатдир. Чунки у инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган. Шу боис Асосий Қонунимиз умуинсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев сиёсати туфайли Конституциянинг 28-моддасида мустаҳкамланган инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириши учун кенг қулайликлар туғилди. Яъни, юртдошларимизнинг хорижий мамлакатларга чиқиши осонлашди. Чет эл сафарини истаганлар учун стикер олиш тартиби бекор қилиниб, ўрнига «қизил паспорт» жорий қилинди.

Шуни  алоҳида  таъкидлаш  жоизки,  2019  йилдан  буён  Ўзбекистон Сурия,  Ироқ  ва Афғонистондаги  аёллар  ва болаларни  қайтариш бўйича  бешта  «Меҳр»  операциясини  ўтказди.  Можароли ҳудудлардан мамлакатга жами 531 нафар киши олиб келинди.

Халқаро  экспертларнинг  фикрича,  бу  саъй-ҳаракатлар  болаларни жабрланувчилар  сифатида  тан  олишга  ҳамда  болалар  ва аёллар  учун гендер  масалалари  инобатга  олинган  ҳамжамиятлар  даражасидаги реинтеграция  дастурлари  ёрдамида  уларнинг  шахсий  манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигига асослангани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.

Ватанига  қайтиб  келган  болалар,  аёллар  ва оилаларнинг  жамиятга қайтадан  интеграциялашуви,  бир  томондан,  уларнинг  ижтимоий жиҳатдан  яккаланиб  қолишига  барҳам  берса,  иккинчи  томондан, жамиятда камбағалликни камайтириш орқали тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлайди.

Ҳар бир инсон давлат раҳбарининг “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ва принципига гувоҳ бўлмоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, одамлар қалбида, онгу шуурида намоён бўлаётган меҳр-оқибат, мурувват, бағрикенглик каби фазилатлар ва юртдошларимизнинг эртанги кунга юксак ишончи буни тўла тасдиқлайди.

Хулоса қилиб айтганда, 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида ўтказиладиган Глобал форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллигига бағишланиши ҳам бежиз эмас.

Бинобарин, мазкур Декларацияда таъкидланганидек, ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга ва таълим инсон шахси ва қадр-қимматини ҳар томонлама ривожлантиришга, барча шахсларга эркин жамиятнинг фойдали иштирокчиси бўлишига имкон бериши ва барча миллатлар, барча ирқий, этник ёки диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантиришга, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича ишига кўмаклашиши лозим.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech