Маъмурий иш юритишни такомиллаштириш: илмий-амалий муаммолар таҳлили

2022 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида “Ўзбекистонда маъмурий иш юритишни такомиллаштиришнинг илмий-амалий муаммолари” мавзусида республика конференцияси бўлиб ўтди.

Давлат ва ҳуқуқ институти директори ўринбосари, профессор А.Тўлаганов анжуман иштирокчиларини қутлар экан, маъмурий суд ишини юритиш замонавий ҳуқуқшуносликнинг асосий йўналишларидан бири эканига эътиборни қаратди. Бу борадаги илмий изланишлар Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик ривожига муҳим ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Тадбирда етакчи мутахассислар – Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими Жўрабек Неъматов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси профессори Эркин Ҳожиев, Олий суд катта маслаҳатчиси Шаҳноза Аҳатова, Судьялар олий мактаби “Маъмурий ҳуқуқ” кафедраси доценти Дилмурод Ортиқов, Давлат ва ҳуқуқ институти катта илмий ходимлари Ярослав Квитков ва Равшан Назаровнинг илмий маърузалари тингланди.

Маърузаларда Ўзбекистонда маъмурий суд иш юритишнинг илмий ва амалий муаммолари ҳамда асосий тамойиллари; суд амалиёти таҳлили; прокурорларнинг маъмурий суд иш юритишда иштирок этиши хусусиятлари; маъмурий судлар учун судьяларни тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш; маъмурий жавобгарликни таъминлашда ички ишлар органларининг роли; маъмурий суд иш юритиш соҳасида хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва бу тажрибани Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари таҳлил қилинди.

Маърузалар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, Давлат ва ҳуқуқ институти илмий котиби Шавкатжон Раҳматуллаев, катта илмий ходим Қаҳрамон Умидуллаев ва бошқалар айни мавзулар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Конференция онлайн ва офлайн шаклда ўтказилди. Бу, ўз навбатида, Қорақалпоғистон, Наманган Самарқанд, Термиз давлат университетлари юридик факультетлари деканлари ва профессор-ўқитувчилари ҳам муҳокамаларда фаол иштирок этишларига имконият яратди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech