Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Ички ишлар вазирлиги тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларида махкумларнинг ҳуқуқлари ва конуний манфаатлари ишончли химоясини таъминлашга қаратилган қонун хужжатларининг ижросини ўрганиш якунлари мухокама қилинди.
Унда Вазирлар Маҳкамасининг Ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти, Бош прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг масъул ходимлари ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) қатнашди.
Ички ишлар вазирлиги тақдим қилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда мавжуд бўлган 54 та жазони ижро этиш колониясидан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил-колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналаридир. Тизимда 26 мингдан ортиқ, шундан 8 мингдан кўпроғи манзил-колонияда, 18 мингдан зиёд маҳкумлар бошқа турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.
Қайд этилганидек, Президентимиз бошчилигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ижтимоий хавфи ҳамда унча оғир бўлмаган жиноятларни содир қилиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк маротаба сайлаш ҳуқуқи берилди. Умумий, қаттиқ, махсус, турма тартибли ва тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашувлари, учрашувлар ҳамда жўнатма қабул қилиниши қарийб икки баробар кўпайтирилди.
Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётганларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари қонун билан белгиланди. Жиноят-ижроия кодексига жазо муддатини ўтаётган шахсларни рағбатлантириш чораларини қўллаш тартибини белгиловчи янги норма киритилиб, маҳкумларнинг жазо муддатини ўташ давомида шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилди.
Бундан ташқари, маҳкумларнинг илтимосига кўра узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видеоучрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видеоучрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши йўлга қўйилди. Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг олис масофадан келувчи яқин қариндошлари оворагарчилигига барҳам бериш мақсадида масофали учрашув хоналари тайёрланди. Кам таъминланган оила вакили бўлган жазо муддатини ўтаётган шахслар юқори ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га жазони ижро этиш колонияларига ҳеч қандай монеликсиз кириш ҳуқуқи берилди. Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ўтказилиши йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасаларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига, прокурорга мурожаатлар, ариза ҳамда шикоятлар учун мўлжалланган алоҳида почта қутилари ўрнатилган. Қонунларга риоя этилиши прокуратура идоралари ва Омбудсман томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
Йиғилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг 1 -чораги давомида жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилган мониторинг тадбирлари натижалари, маҳкумлардан келиб тушган мурожаатлар, Бош прокуратура томонидан ўтказилган назорат тадбирлари ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Депутатлар томонидан соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар танқидий кўриб чиқилди. Муҳокамалар якунида жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш, қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашда қўмита ва мутасадди ташкилотлар олдида турган вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
«Халқ сўзи».
- Қўшилди: 17.11.2022
- Кўришлар: 4960
- Чоп этиш