Ҳар қандай лашкарнинг ҳам
Ўз туғи, ялови бор,
Сен қайси салтанатдан,
Сен қайси давлатдан кам.
Қўрғонлар қаторида
Бир қўрғонсан устувор,
Валламат, туғдор юртим,
Муҳташам Республикам.
Ўйлайман, ҳа, оламда
Нисбий эрур кўп ҳолат,
Замона ғалвиридан
Ҳар нарса ўтаверар.
Тарих учун ва лекин
Ким ҳам бергай кафолат,
Якка инсон бир йўлчи:
Келару кетаберар.
Қадим-қадим замонда
Юнонлик ҳайкалтарош,
Бир санъат яратибди,
Мақсади — бир бурда нон.
Ҳайкал эса асрлар
Синовига бермиш дош,
Бугун уни кўкларга
Кўтарар буткул жаҳон.
Кўзни каттароқ очиб
Боқсанг бу муаммога,
Алам қилгулик қадар
Кам яшар инсон зоти,
Фақатгина халқ соҳиб
Бардавом бу дунёга,
Асрагай ҳар қас номин
Фақат халқнинг ҳаёти.
Санасанг ҳодисот мўл
Ўзбекнинг тарихида,
Ҳар бирига бир нома
Ёки достон битгулик.
Не зотлар оқмаган бу
Асрлар ариғида,
Ҳар бири битта халқнинг
Ғурурига етгулик.
Барчага аён эрур
Мен айтган ушбу гаплар,
То ҳануз асабларни
Эзғилар бу шум ўтмиш.
Мозийга ўқтин-ўқтин
Сочсак ҳамки ғазаблар,
Лекин айтинг, ўзбекнинг
Қўлидан ким ҳам тутмиш?
Бир куни ёвқур шоир
Яъни Турди Фарғоний,
Бўлтак бўлган бу халққа
Бирлаш деб қилди хитоб.
Бежавоб қолаберди
Унинг дардли сўроғи,
Ўша-ўша замин кар,
Ўша-ўша гунг офтоб.
Бугун зимдан назар сол
Сен мана бу байроққа,
Майлига бир дақиқа
Унутгин турфа кекни.
Шу байроқ номимизни
Элтди йироқ-йироққа,
Шу байроқ бирлаштирди
Пароканда ўзбекни.
Абдулла Орипов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири
- Қўшилди: 18.11.2022
- Кўришлар: 6510
- Чоп этиш