Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИДАГИ ИЖОБИЙ ЎЗГАРИШЛАР ВА МАМЛАКАТДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН КЕНГ ҚАМРОВЛИ ИСЛОҲОТЛАР ЖАҲОН САРМОЯДОРЛАРИНИНГ ДИҚҚАТ-ЭЪТИБОРИНИ ТОРТМОҚДА

16 ноябрь куни “Кўксарой” қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади. Ушбу маслаҳат органининг биринчи сессиясида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли инвестиция ҳамкорлигини янада кенгайтириш, мамлакатимизда устувор йўналишларда аниқ кооперация лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, “Suez”, “Calik Holding”, “Cengiz Enerji”, “Halyk Bank”, “VEON Group”, “TBC Bank”, Абу-Даби тараққиёт фонди, “ACWA Power”, “Zeppelin International AG”, “EDF”, “AME International”, “CNH Industrial”, “Youngone Corporation”, “Procter & Gamble”, “Mitsui”, “Sojitz Generation DMCC”, “KIA Motors”, “General Electric”, “John Deere”, “Silverleafe”, “Knauf”, “White & Case” каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, шунингдек, халқаро молиявий институтлар — Жаҳон банки, Халқаро молиявий корпорация, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки вакил-лари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ташаббуслари хорижий ижтимоий-сиёсий, эксперт доиралар вакиллари, хусусан, оммавий ахборот воситалари ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

Чжоу ХУИ,

Хитой Доридармонлар ва соғлиқни сақлаш маҳсулотлари савдо-саноат палатаси раиси:

— Мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, инсон қадрини оширишга қаратилганлигини, маҳаллий ва хорижий инвесторлар тенг ҳуқуқлар асосида бизнес қилиши учун имкониятлар яратаётганини юксак баҳолайман.

Ўзбекистон Президентининг инвесторларга бераётган катта эътибори юртингизга сармоя киритиш истагида бўлган хорижий сармоядорларга ишонч ва куч бағишламоқда.

Бизнинг палата сўнгги йилларда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан яхши алоқаларни йўлга қўйди. Яқин ойларда ўз аъзоларимиз билан Ўзбекистонга бориб, янги инвестлойиҳалар юзасидан музокаралар ўтказишни режалаштирганмиз.

Аминманки, мамлакатингизга киритилаётган хорижий инвестициялар, жумладан, Хитой компаниялари сармоялари ҳажми йилдан-йилга ортиб боради. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб, икки давлат равнақи учун хизмат қилади.

Рамон МАНЕСКУ,

 Европарламентнинг собиқ аъзоси, Руминия Ташқи ишлар ва транспорт вазирлигининг собиқ раҳбари:

— Мен Европарламентнинг собиқ депутати, Руминия Ташқи ишлар ва транспорт вазирлигининг собиқ раҳбариман. Халқаро майдонда содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб бораман.

Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлар билан муносабатлар Европа нуқтаи назаридан қандай ривожланаётганини кўриб, жуда хурсанд бўламан. Европа комиссияси, Европа кенгаши, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати томонидан Ўзбекистонга нисбатан ортиб бораётган қизиқиш динамикаси ижобий бўлиб, бу республика билан яқинлашишда яққол намоён бўлмоқда.

Ишончим комилки, биз ўзаро манфаатли асосда яқин ҳамкорликка интилишимиз керак. Марказий Осиё минтақаси, албатта, бизнинг яқин қўшнимиз эмас, лекин бой маданиятга эга ушбу минтақа билан бизни умумий манфаатлар боғлаб туради. Менимча, биз ушбу минтақага кўпроқ сармоя киритишимиз зарур.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 16 ноябрь куни бўлиб ўтган Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисидаги маърузасида Ўзбекистоннинг яқин қўшнилари ва Европа давлатлари учун яратиб берилаётган имкониятлар кўлами мени ҳайратда қолдирди. Менимча, биз Ўзбекистонда юзага келаётган ҳар бир имкониятни диққат билан кўриб чиқишимиз керак. Чунки бу умумий қадриятларга эга бўлган мамлакатларнинг яқинлашувида ижобий таъсирга эга бўлади. Ўзбекистон янада яқинроқ ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйишимиз керак бўлган марказий давлатдир. Ишончим комилки, бизнинг умумий келажагимиз бор!

Далия АЛКАТИРИ,

“Alpha Group” компанияси ижрочи директори, Малайзиядаги ўзбек маҳсулотлари шоуруми асосчиси:

— Аввало, Президент ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгашининг ташкил этилгани давлат раҳбарининг оқилона ва кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий сиёсатини яна бир бор тасдиқлаганини таъкидлашни истар эдим. Чунки бу қадам, биринчи навбатда, мамлакат иқтисодиёти ва халқ фаровонлигини янада юксалтиришни рағбатлантиришга қаратилган.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришлар, жумладан, мамлакат иқтисодиётининг очиқлигини таъминлаш ҳамда унинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиш, коррупцияга барҳам бериш, инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тадбирлар ўз мевасини бера бошлади.

Глобал молиявий беқарорлик ва инқирозларга қарамай, Ўзбекистонда 2021 йили иқтисодий ўсишнинг ижобий динамикаси 7 фоиздан ошди.

Қулай сармоявий муҳит яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар охирги 5 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестициялар ҳажмининг 10 баробар ўсишига хизмат қилгани, бу эса бугунги кунда қарийб 40 миллиард долларни ташкил этиши қувонарли ҳолдир.

Мен Ўзбекистонда кўп маротаба бўлганман. Фақат жорий йилнинг ўзида республиканинг турли ҳудудларига уч марта сафар қилдим. Мен “Alpha Group” компанияси ижрочи директори, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Малайзиядаги расмий вакили ва Куала-Лумпурдаги ўзбек маҳсулотлари шоурумининг ҳаммуассиси сифатида ҳам мамлакатингиз билан сармоявий ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорман. Тоғ-кон саноати соҳасида қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш режаларимиз бор.

Яқинда биз ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда Малайзия бозорига “Bonaff Crunchy” савдо белгиси остида 10 минг қадоқдан ортиқ ҳажмдаги музлатилган қуруқ мева ва резавор меваларнинг биринчи туркумини етказиб бердик. Ўзбекистон маҳсулотларининг навбатдаги туркумини жўнатиш 2023 йилнинг январига мўлжалланган.

Ишончим комилки, Янги Ўзбекистонда инвесторлар ўзларини эркин ҳис қилади ва эртанги кунга ишонч билан қарайди.

Ма ХОНГЧАНГ,

Хитойнинг энергетика соҳасида сармоялар киритиш билан шуғулланувчи “China Datang Overseas Investment” компанияси вакили:

— Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришлар ва юртингиздаги кенг қамровли ислоҳотлар дунё сармоядорлари эътиборини тортаётганини таъкидлашни истар эдим.

Бугунги кунда Хитойнинг кўплаб компаниялари Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўймоқда. Бунинг асосий сабаби юртимизда яхши инвестиция муҳити яратилаётгани ва хорижий сармоядорлар ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётганида, деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисида инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб, Кенгаш ҳузурида Инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини тузишни таклиф этгани келгусида мамлакатга янада кўпроқ сармоядорлар келиши жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади.

“Дунё” АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech