БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистон учун тавсиялари бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди

Парламент юқори палатаси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция (БҲТ) қабул қилинган кун ҳамда Ўзбекистон ушбу конвенцияга қўшилгани 30 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди.

Парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева раислигида ўтган тадбирда БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитасининг Ўзбекистон учун тавсияларини амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди. Давра суҳбатида қатнашган ЮНИСЕФ Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хан тавсияларни амалга оширишда икки муҳим жиҳат - парламент назорати ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш муҳимлигини таъкидлади.

 БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитаси БҲК барча тамойиллари ва қоидаларини қонунчиликка киритиш ва уларни тегишли органлар томонидан амалда татбиқ этишни тавсия қилди. Давра суҳбати иштирокчилари камчиликларни бартараф этиш ва мамлакатда БҲК ижроси устидан назоратни кучайтириш учун бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ташаббуслари ва устувор йўналишларни муҳокама қилди.
 
 БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитаси якуний тавсияларини амалга ошириш бўйича жорий режалар кўриб чиқилди. Бунда камситмаслик, бола энг яхши манфаатлари, яшаш, омон қолиш ва ривожланиш ҳуқуқи, бола қарашларини ҳурмат қилиш сингари умумий тамойилларга эътибор қаратилди.

Сенаторлар ҳамда вазирлик ва миллий идоралар вакиллари томонидан мазкур тавсияларни амалга ошириш, ҳаракат дастурини мониторинг қилиш ва ҳисобот тайёрлаш бўйича фикр ва аниқ режалар билдирилиб, бунда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларини ҳам мамлакатда бола ҳуқуқлари амалга оширилиши мониторингига жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech