Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга чиқди. Хусусан, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлди ва ушбу ташкилотнинг 14 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжати, жумладан, 8 та асосий конвенциясини ратификация қилди. Улар орасида Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенция ҳам бор.
Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича халқаро стандартларни мамлакат ҳаётига тўлиқ татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги “2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун жавобгарлик масаласига оид халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг қонунчилигини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида мажбурий меҳнат ҳолатлари учун жавобгарлик масалалари кўзда тутилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасида бундай ҳолатлар учун тегишлича маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
2020 йилги пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс, шу жумладан, ташкилот раҳбарлари, ҳоким ва унинг ўринбосарлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ушбу моддасига асосан жавобгарликка тортилган. Яна 6 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилган.
Бундан ташқари, 61 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 34 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 13 та ҳолатда меҳнат вазифаси бажарилмагани, 17 та ҳолатда иш ҳақининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланган. Шу муносабат билан тегишли кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари маъмурий жавобгарликка тортилган.
Юртимизда мажбурий меҳнатни тугатиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг бевосита иштирокида “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси асосида қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мониторинги олиб борилиб, ҳар йили ташкилот томонидан йиллик маърузалар эълон қилинмоқда.
Халқаро меҳнат ташкилотининг катта техник маслаҳатчиси Й.Аструп томонидан “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси доирасида 2020 йилги пахта терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаш бўйича ўтказилган мониторинг натижаларига кўра мамлакатда 2020 йилда пахта теримига мажбурий жалб этиш ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 33 фоизга камайгани таъкидланди.
“Коттон Компейн” халқаро коалицияси сўнгги 10 йилда илк бора ўтган йили Ўзбекистонда олиб борилган пахта терими мавсумидаги мажбурий меҳнат ҳолатлари мониторингида айрим пахта етиштирувчи туманларда мажбурий меҳнат билан боғлиқ бирорта ҳолатни ҳужжатлаштирмади. Ушбу халқаро тузилма мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган бу натижасини эътирофга сазовор, деб баҳолади.
Ушбу халқаро маърузалардаги маълумотлар мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича Ўзбекистонда сезиларли ва эътирофга лойиқ натижаларга эришилганининг холис тасдиғидир. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган инсонпарвар ислоҳотлар самараси ҳисобланади.
Президентимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқи асосан Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари нималардан иборатлиги ҳақида бўлди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишлар амалга оширилганини таъкидлади.
Шунингдек, "Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йили" деб эълон қилинган 2021 йилда мамлакатимизда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилиш ташаббуси илгари сурилаётгани халқаро ҳамжамиятга маълум қилинди.
Лазизбек Холиқулов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
таҳририятининг Маркетинг, реклама ва тарғибот бўлими
бош мутахассиси
- Қўшилди: 01.03.2021
- Кўришлар: 4959
- Чоп этиш