Халқимизда “Озода жойда файзу барака ва сиҳат-саломатлик бўлади”, деган ҳикматли нақл бор. Ота-боболаримиз азал-азалдан ушбу сермаъно нақлга амал қилиб, хонадонларни, маҳаллаю бозорларни, ариқу сойларни тозалаш, эрта баҳорда дарахт кўчатларини экиб, атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш мақсадларида ҳашарлар ташкил этишган. Донишманд халқимизнинг эзгу қадриятларидан бири сифатида ҳашар ташкил этиш одати асрлардан асрларга ўтиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Наврўз” умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш, шунингдек маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида 2021 йилнинг 13 март куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказишга доир тегишли фармойиши ҳам халқимизга хос ҳашар ташкил этишдек эзгу миллий қадрият ҳали-ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаганидан далолат беради.
13 март куни мамлакатимизда ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси ҳам фаол иштирок этиб, юртимиз ободлиги ва кўркамлигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Марказнинг меҳнатсевар ходимлари кўчаларни супуриб, дарахтларни оқлашди. Дарахтлар тагини юмшатиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишди.
Умумхалқ хайрия ҳашарини Марказ ходимлари аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфиятда ўтказишди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали ходими
- Қўшилди: 13.03.2021
- Кўришлар: 4402
- Чоп этиш