Марказ томонидан 2 мингдан ортиқ китоб беғараз тарқатилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича устувор вазифалар ижросини таъминлаш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан турли ташкилот ва муассасаларнинг кутубхоналарига ҳуқуқий, адабий-бадиий ва фалсафий-тарихий мавзудаги китоблар мунтазам равишда беғараз тақдим этиб келинмоқда.

Кейинги кунларда ушбу эзгу фаолият Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган «Китобхонлик ҳафталиги» билан ҳамоҳангликда олиб борилди. Натижада Марказ томонидан 2 мингтадан ортиқ китоб беғараз тарқатилди.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда жорий йилда чоп этилган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг Брайл ёзувидаги нашрларидан иборат 750 та китоб қуйидаги ташкилот ва муассасаларга бепул етказиб берилди:

  • Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси;
  • Ўзбекистон ногиронлар жамияти;
  • Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти;
  • Имконияти чекланган болалар ва ёшлар Республика маркази;
  • Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси қошидаги 77-сонли кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат;
  • “Инклюзив ҳаёт” Ўзбекистон Республикаси ногиронлар жамоат бирлашмаси;
  • “Умидворлик” Имконияти чекланган болаларни ва уларнинг ота-оналарини қўллаб-қувватлаш маркази.

Шунингдек, ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги 1 минг дона китоб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот-ресурс марказига беғараз тақдим этилди. Ушбу китобларнинг асосий қисми Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан нашрга тайёрланган ва чоп этилган.

Мамлакатимиз ҳудудларидаги кутубхоналарга ҳам Марказ томонидан китоблар етказилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилояти А.С.Пушкин номидаги Ахборот-кутубхона марказига 166 та китоб тақдим этилди.

Марказ тақдим этган китоблар орасида инсон ҳуқуқларига оид ниҳоятда зарур ҳуқуқий адабиётлар, янги нашрдан чиққан бадиий, фалсафий-тарихий асарлар ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” илмий-маърифий журнали тўплами ҳам бор.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech