Марказ томонидан Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига 250 та китоб тақдим этилди

25 июнь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда «Замонавий масс-медианинг долзарб муаммолари» мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Тадбирни Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа очиб берди.

Конференциянинг биринчи қисми якунида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тадбирнинг иккинчи, яъни илмий қисми Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ташкил этилган ёшлар пресс клубида давом этди. Баҳс-мунозара ва фикр алмашиш майдонига айланган конференцияда соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда амалиётчи журналистлар билан биргаликда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди.

Конференция доирасида «Cўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиқлари Фарҳод Ҳайитбоев ва Одил Сулаймонов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида тайёрланган мазкур китобнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди.

Марказ томонидан “Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” туркуми доирасида нашр этилган ва Виндхук декларациясининг 30 йиллигига мўъжаз туҳфа бўлмиш ушбу тўпламда бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган 48 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир қоидалари жамлангани алоҳида таъкидланди.

Тақдимот якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига 250 китоб беғараз асосда тақдим этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech