Марказ вакили Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг Москвада ўтган йиғилишида қатнашди

24 июнь куни Ўзбекистон Парламенти Омбудсмани Москва шаҳрида "Евроосиё минтақасида ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб муаммолари бўйича энг илғор халқаро тажрибалар алмашинуви" мавзусида ўтказилган Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Халқаро анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев иштирок этди.

Альянс йиғилишига Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова модераторлик қилди. Унда Ўзбекистон Парламенти Омбудсмани (кузатувчи сифатида), Арманистон, Қирғизистон, Сербия, Монголия, Қозоғистон, Эрон ва Тожикистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва давлат ҳокимияти органлари, инсон ҳуқуқлари ҳамжамиятлари вакиллари қатнашди.

Тадбир давомида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, уларга соғлиқни сақлаш соҳасида етарли имкониятларни яратиш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича энг самарали маҳаллий ва хорижий амалиётлар ҳақида маълумотлар берилди.

Евроосиё Омбудсманлари Альянси йиғилишида мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташаббуси билан Ўзбекистон Парламенти томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилингани ва жорий йилда кучга киргани ҳақида маълумот берилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонуни мазкур Конвенция талаблари асосида ишлаб чиқилгани алоҳида қайд этилди.

Маълумот учун: Евроосиё Омбудсманлари Альянси минтақадаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирадиган биринчи Иттифоқ ҳисобланади. Ушбу ташкилот Евроосиё давлатлари омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаб, ўз мамлакатлари фуқароларининг чет элдаги муаммоли масалаларини тезкор ҳал этиш имконини беради.

Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг бешинчи йиғилиши якунларига кўра, Евроосиё минтақасида ногиронлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш механизмларини мустаҳкамлашга доир масалалар муҳокама қилиниб, таклифлар ишлаб чиқилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech