Марказий Осиё мамлакатларида диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий видеоконференция бўлиб ўтди

27 апрель куни Тошкентда Марказий Осиё мамлакатларида диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий видеоконференция бўлиб ўтди. "Диний бағрикенгликни, диндорлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатлари" мавзуидаги ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилди.

Конференция ишида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан дин соҳаси бўйича экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов тадбирни очар экан, бугунги кунда барча инсонларга тааллуқли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ижтимоий кун тартиби ва давлатлар зиммасидаги мажбуриятларни белгилашда дин мавзуси халқаро муносабатлар ва миллий сиёсатнинг муҳим омили сифатида тобора катта аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Минтақавий конференцияда қуйидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди:

- Марказий Осиё мамлакатларининг диндор фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари бўйича сиёсий-ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш борасидаги тажрибаси ҳамда динлараро бирдамлик, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати;

- диндор фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳар томонлама таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар таҳлили;

- муҳокама этилаётган масалалар юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқиш;

- Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг ушбу соҳалардаги ижобий тажрибасини халқаро ҳамжамият эътиборига етказиш.

Анжуманда Ўзбекистон эксперт-таҳлил ҳамжамияти ва мамлакат жамоатчилиги вакиллари қатнашди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Стратегия ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро ислом академияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, мамлакатимиз диний конфессиялари мутахассислари шулар жумласидандир.

Ушбу анжуман ҳозирги вақтда диний эркинликларни таъминлаш борасида нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки бутун жаҳон ҳамжамияти олдида долзарб бўлиб турган муаммоларга ечим топишда муҳим амалий майдонча вазифасини ўтади.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан:

-  диний эркинликларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг жорий ҳолати ва устувор йўналишларидан мамлакат ва дунё жамоатчилиги хабардорлигини ошириш;

- диний бағрикенгликни таъминлашга доир масалалар бўйича мунозара майдончаси, яъни миллий ва халқаро экспертлар гуруҳи ("пул") ташкил этиш;

- Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги ижобий тажрибасини минтақавий ва халқаро ҳамжамиятлар эътиборига етказиш зарурлиги таъкидланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech