Миллий марказда сўз эркинлигига бағишланган янги китоб нашрдан чиқди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги: халқаро-ҳуқуқий асослар” номли китоб нашр этилди. Янги нашр 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни ва ушбу санага асос солган тарихий Виндхук декларациясининг 30 йиллигига мўъжаз туҳфа бўлди.

“Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси” туркумига мансуб ушбу тўплам Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида тайёрланган. Китобга академик Акмал Саидов масъул муҳаррирлик қилган ва сўзбоши ёзган. Тузувчи ва таржимон – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзо.
Тўпламда БМТ, ЮНЕСКО, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Америка давлатлари ташкилоти, Африка давлатлари ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган 48 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг сўз, фикр ва ахборот эркинлигига доир қоидалари жамланган.

Янги нашрдан ўрин олган Рақамли технологиялар даврида фикрни ифода этиш ва сайловлар эркинлиги тўғрисидаги қўшма декларация, Халқаро раддия ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция, Виндхук Декларацияси, Йоханнесбург принциплари, София Декларацияси, Таллуар Декларацияси каби халқаро ҳужжатлар, бир томондан, миллий хавфсизлик, фикрни ифодалаш эркинлиги ва ахборотга эга бўлиш борасидаги муҳим қоидалари билан машҳур бўлса, иккинчи томондан, ушбу ҳужжатларнинг матни илк бор ўзбек тилида тўлиқ ҳолда тақдим этилаётгани аҳамиятлидир.

Тўплам ҳуқуқшунослар, журналистлар ва шу соҳага қизиқувчи барча китобхонларга мўлжалланган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech